Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

Йўлларда – кунига ўнта ўлим

Дайжестни ҳафтанинг энг муҳим хабари билан бошласак. Ўзбекистон йўлларида юриш ўта хавфлилигича қолмоқда. Расмий маълумотлардан маълум бўлишича, ўтган август ойида республикада йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 300 киши, қайтариб айтамиз уч юз нафар инсон ҳалок бўлган. Бу йўлларимизда кунига 10 киши вафот этяпти дегани. Бошқачароқ айтганда, ҳар куни юзлаб ватандошларимиз автоҳалокатлар сабаб ўз яқинларини йўқотяпти. Масалан, шу бугун ҳам, аниқки, юртимизнинг қайсидир нуқталарида кимдир фарзанд доғидан куйиб, кимдир турмуш ўртоғидан ажралиб аза очяпти. Ва бу ҳолат ҳар куни янгидан янги хонадонларда такрорланяпти.

Дунёда самолёт ҳалокатлари – учраб турадиган ҳолат, лекин уларга нисбатан муносабатга эътибор беринг. Ҳалокат рўй бериши биланоқ дарҳол мотам эълон қилинади, зудлик билан кенг миқёсда текширув ишлари бошланади, ҳалок бўлган бегуноҳ инсонларнинг ҳаётий ҳикоялари, рейсга чиқишдан олдин яқинларига айтган гаплари тилларда достон бўлади... Биз эса ҳар ойда битта самолёт қулагандек миқёсда қурбонлар бераётган бўлсак-да, бир жамият сифатида, афсуски, бунинг даҳшатини мутлақо сезмаяпмиз. Шунча ўлимлар, уларга қўшилиб яна сон-саноқсиз одамларнинг умрбод майиб-мажруҳ бўлиб қолаётгани ҳам йўл ҳаракати қоидаларини бузишга нисбатан тоқатсизлик кайфиятини шакллантириш учун етарли бўлолмаяпти. Қоидабузарликларни оқлаш, ҳатто қурбонларнинг ўзини айблаш одатий ҳоллигича қоляпти. Масъуллар эса энг ашаддий қоидабузарларни тийиши мумкин бўлган оддийгина жарима баллари тизимини ҳам пайсалга солишдан уялмаяпти.

Рақамларга қайтсак. Жума куни Сенат ялпи мажлисида берилган маълумотларга кўра, 2023 йилнинг 8 ойида 8 миллионга яқин қўпол қоидабузарлик қайд қилинган. Яъни расмий рўйхатга олинган қўпол қоидабузарликларнинг ўзи ойига миллионта, рўйхатга олинмагани қанча – ёлғиз худога аён. 8 ой давомида содир бўлган 6 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисасида 1415 киши ҳалок бўлган, 5448 киши жароҳатланган. Бу ўринда ҳам бу фақатгина расмий рақамлар экани, ички ишлар органларига мурожаат қилинмаган ҳолатлар ҳам жуда кўплигини унутмаслик керак.

Сенаторларнинг айтишича, автоҳалокатларда жабрланаётганларнинг ҳаддан ташқари кўплигига пиёдалар ўтиш жойларининг етарлича жиҳозланмагани, ҳайдовчиларнинг пиёдаларга йўл бермаслиги, машиналарни ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқариш ва маст ҳолда рулга ўтириш одатий ҳолга айланиб қолгани каби омиллар асосий сабаб бўляпти.