Германия ўзбекистонликлар учун 50 мингта иш ўрнини таклиф қилмоқда. Ватандошларимиз энди Қозоғистонда 1 ой регистрациядан ўтмай яшаши мумкин. Очилбой Раматовнинг комплекси президент танқидига учради. МТРКнинг 20 йиллик раҳбари ишдан олинди. Ўтган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Қозоғистонда – 30 кунгача регистрациясиз

Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистон ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан бўлиб туриш муддати 5 кундан 30 кунга узайтирилди. Худди шундай тартиб Ўзбекистонга келган қозоғистонликлар учун ҳам амал қилади. Шу билан бирга, фуқароларнинг қўшни мамлакатда вақтинча бўлиб туриш муддати 6 ой давомида жами 90 кундан ошмаслиги керак. Бу ҳақдаги келишувни 31 январ куни Қозоғистон парламенти тасдиқлади.

Икки давлат ўртасидаги тегишли баённома Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг 2022 йил декабр ойида Тошкентга ташрифи вақтида имзоланган эди. Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳужжатни 2023 йил апрел ойида ратификация қилган.

Икки йил олдинги ташриф вақтида имзоланган яна бир ҳужжатни ҳам Қозоғистон парламенти маъқуллаши кутиляпти. Бу – ўзаро муносабатларни иттифоқчилик даражасига кўтариш ҳақидаги шартнома. Ўзбекистон томони шартномани 2023 йил охирида ратификация қилган. Расмий Остона ҳам буни тасдиқлагач, икки республика расман иттифоқчи давлатларга айланади. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасини демаркация қилиш жараёни якунланган