Сув тежовчи боғлар учун қудуқ суви солиғи 1 сўм бўлади, Марказий банк омонатларга солиқ бўйича расмий таклиф йўқлигини билдирди, Тошкентда эса 80 мингга яқин чиптасиз йўловчи жаримага тортилди. Шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан Kun.uz дайжестида таништирамиз.

Марказий банк омонатларга солиқ масаласига аниқлик киритди

Марказий банк банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларига солиқ жорий этилиши ҳақида тарқалаётган хабарларга муносабат билдириб, бу масала юзасидан ҳеч қандай расмий таклиф киритилмаганини маълум қилди.

Қайд этилишича, омонат фоизларини солиққа тортиш ҳақидаги фикр Фискал таҳлиллар институти томонидан илмий-таҳлилий тадқиқот доирасида билдирилган бўлиб, у давлатнинг расмий ташаббуси ҳисобланмайди.

Марказий банк иқтисодий ва молиявий соҳадаги ҳар қандай таклиф унинг банк тизими ва мамлакат молиявий барқарорлигига таъсири ҳар томонлама баҳолангандан кейингина кўриб чиқилишини таъкидлади.

Бюджетдаги асоссиз харажатлар қисқартирилади

Энди эса давлат маблағларини бошқаришга оид яна бир янгилик ҳақида. Ўзбекистонда давлат бюджетини тузиш ва ижро этиш тартибига киритилган янги ўзгаришларга мувофиқ, бюджет сўровларидаги асоссиз ёки самарадорлиги паст харажатлар қисқартирилади.

Янги тартибга кўра, шундай харажатлар аниқланган тақдирда, бу ҳақда билдиришнома олган ташкилотлар уч иш куни ичида янгиланган бюджет сўровини тақдим этиши шарт бўлади.

Шунингдек, маҳаллий кенгашларнинг бюджетни режалаштиришдаги роли кенгайтирилди, бюджет маблағларини тақсимловчилар эса камида уч йиллик ривожлантириш дастурларини аниқ натижа кўрсаткичлари билан ишлаб чиқиши белгиланди.

Наманганда яширин дори омбори аниқланди