Onix ва Damas, пулли йўллар ва лоукостер — ҳафта дайжести
Ўзбекистон бўйлаб арзон самолёт чипталари, ишлаб чиқариш 3 баробарга кўпаядиган 1996 йилги Damas, бир-бирига бюджет пулидан қимматбаҳо машина совға қилаётган амалдорлар — якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа мавзулари Kun.uz дайжестида.
Onix, Damas ва йилига миллионта машина: UzAuto Motors режалари
Интернетда тарқалган ва фейк дея расман рад этилган хабарларнинг охир-оқибатда қисман рост бўлиб чиқиши – кам бўлса ҳам, учраб турадиган ҳолат. Ўтган йили Chevrolet Onix автомобили нархи 13 минг доллар бўлиши ҳақида тарқалган хабарни UzAuto Motors рад этган эди. Компания директори бу янги моделнинг нархи 9 минг доллардан бошланиб, 12 минг долларгача бўлишини айтганди.
Шу ҳафта маълум бўлишича, 13 минг доллар деган миш-миш рост бўлиши мумкин. Айрим манбаларга кўра, Onix'нинг энг арзон комплектацияси нархи 150 млн сўм атрофида бўлади. Бу – ҳозирги курсда тақрибан 13 350 долларга тенг.
Chevrolet Onix учун шартномалар ноябр ойидан берила бошлаши, илк мижозларга автомобиллар кейинги йил бошида етказиб берилиши айтилмоқда. Бу ҳақдаги хабарни “Ўзавтосаноат” матбуот хизмати Kun.uz'га тасдиқламади, лекин инкор ҳам этмади. Тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, 90 от кучига эга, 1,2 литр двигател билан жиҳозланган автомобил 6 хил комплектацияда таклиф этилиши, улардан учтаси механик, учтаси автоматик узатмалар қутисига эга бўлиши мумкин.
UzAuto Motors август ойи охирида янги Tracker сотувини ҳам бошлаган эди. Tracker ва Onix'ни ишлаб чиқариш бошланиши билан, шу йил охирида Spark ва Nexia ишлаб чиқариш тўхтатилиши эълон қилинган. Шу тариқа, фақат автомат узатмали варианти 127 млн сўм ёки 11 300 доллардан сотилаётган Cobalt “Ўзавто”нинг энг арзон седанига айланади.
Ундан арзонроққа салондан фақат Damas харид қилиш мумкин. Компания 26 йиллик бу қадрдон моделини ишлаб чиқаришни кескин кўпайтирмоқчи. Шу ҳафта берилган расмий хабарга кўра, UzAuto йилига 150 минг дона Damas ишлаб чиқариш ниятида. Асакага келган General Motors делегацияси билан бу борада шартнома имзоланди. Бундан ташқари, Cobalt ишлаб чиқаришни ҳам худди шунчага оширишга келишиб олинди.
Эътиборлиси шундаки, йилига 150 мингта Damas ва 150 мингта Cobalt – бу ҳозирги ҳолатда кичкина рақамлар эмас. Таққослаш учун, 2022 йилнинг биринчи ярмида UzAuto Motors ҳамма моделларни қўшиб ҳисоблаганда жами 160 мингта автомобил ишлаб чиқарган. Бу билан компания ўз рекордини янгилаган эди.
Умуман, Асака шаҳрига GM делегациясининг ташрифи вақтида анча катта режалар ҳақида гапирилди. Масалан, 2023 йилнинг ўзида ишлаб чиқариш қувватини 500 минг донага етказиш бўйича келишувга эришилди. Узоқ келажакда эса йилига 1 миллион дона автомобил ишлаб чиқариш режа қилиняпти.
Бу ерда гап автомобилларни “йиғиш” эмас, расман “ишлаб чиқариш” ҳақида кетаётган бўлса ҳам, унутмаслик керакки, машиналар деталларининг жуда катта қисми ҳалигача импорт қилинади. Масалан, 2019 йилда тасодифан очилиб қолган маълумотга кўра, биз юқорида айтган Damas'нинг 965 та деталидан 642 таси, яъни учдан икки қисми чет элдан олиб келинади. Lacetti'нинг маҳаллийлаштириш даражаси эса 2019 йилда атиги 38 фоиз бўлган.
Пулли йўллар ва ички парвозлар учун лоукостер
Тошкентдан Самарқанд ва Андижон шаҳарларига олиб борадиган пулли йўлларни 2026 йилгача қуриб битириш режа қилиняпти. Бу ҳақда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори Зокир Бозоров маълум қилди.
Бозоровнинг айтишича, Самарқанд ва Шаҳрисабз орасида 66 кмлик автомобил йўли қуриш масаласи ҳам кун тартибида турибди. Тахтақорача довонида 4,4 кмлик пулли туннел қурилиши ҳам мумкин.
Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик асосида Тошкент халқаро аэропорти ва бошқа аэропортларни модернизация қилиш ва хусусий компанияларга бошқарувга бериш масаласи ҳам бор. Бу лойиҳалар бўйича халқаро молия ташкилотлари билан ҳужжатларни тайёрлаш ва ўрганиш ишлари олиб бориляпти.
Ҳафта давомида ички авиақатновлар бўйича ҳам янгиликлар пайдо бўлди. Президент қарорига асосан, 2023 йил март ойидан бошлаб Самарқанд–Нукус, Самарқанд–Мўйноқ, Самарқанд–Термиз, Бухоро–Термиз, Наманган–Термиз ва Наманган–Нукус каби янги йўналишларда мунтазам авиақатновларни бошлаш белгиланди.
Бу қарорга биноан, Шаҳрисабз, Сариосиё ва Зомин аэропортларига ҳам авиақатновлар йўлга қўйиладиган бўлди. Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Зоминга борувчилар учун “Афросиёб” поезди ҳам хизмат кўрсата бошлаганди. Яъни 17 октябрдан бошлаб Тошкент–Самарқанд йўналишидаги тезюрар поезд Жиззах шаҳридан ташқари, Зомин туманидаги Даштобод шаҳарчасида ҳам тўхтаб ўтадиган бўлди.
Авиақатновлар мавзусига қайтсак. Хабарингиз бўлса, Ўзбекистонда ички йўналишлардаги парвозлар учун Silk Avia номли янги авиакомпания очилган. Uzbekistan Airports томонидан асос солинган компания ички туризмни ривожлантиришга ёрдам бериши, кейинроқ эса хусусийлаштирилиши кўзда тутилган. Компания яқинда атлас мато асос қилиб олинган ўз ливреясини намойиш этди.
Silk Air лоукостер бўлиши, яъни мижозларга чекланган қулайлик эвазига арзонроқ нархлар таклиф этиши кутиляпти. Uzbekistan Airports матбуот хизматининг бизга маълум қилишича, Ўзбекистон ичидаги парвозлар учун чипталар нархи 180 минг сўмдан 335 минг сўмгача бўлиши белгиланяпти. Албатта, юқорида айтиб ўтилган автосаноатдаги ҳолатларни эътиборга ҳолда, бу ҳозирча мўлжал қилинаётган, расман тасдиқланмаган нархлар эканини унутмаймиз.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг шу ҳафта Kun.uz билан суҳбатда айтишича, Silk Air сотиб олаётган биринчи учта самолёт шу йил охиригача олиб келинади ва парвозлар бошланади. Президент қарорига асосан, 2024 йил охиригача эса яна 9 та самолёт сотиб олиш режа қилинган.
Уч йил ичида харид қилинадиган 12 та самолётнинг барчаси қисқа масофаларга учишга мўлжалланган ATR русумли самолётлар бўлади. Бу самолётлар ҳозир фойдаланилаётган Airbus А320'га қараганда тўрт баробар камроқ ёқилғи сарфлайди, шунга яраша ўртача 70 нафар йўловчини сиғдира олади. Маҳаллий лоукостер 3 йилда Ўзбекистоннинг деярли ҳамма шаҳарларини қамраб олиб, жами 54 та йўналишда парвозларни йўлга қўйишни мўлжал қиляпти. Улар орасида Марказий Осиёнинг бошқа шаҳарлари ҳам бўлиши мумкин.
Трамвай ҳақидаги гаплар пуч бўлиб чиқдими?
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Kun.uz мухбирининг Тошкентга трамвай қайтиши ҳақидаги саволига ҳам жавоб берди. Бу жавобдан маълум бўлдики, трамвай ҳақидаги баёнотлар у қадар жиддий эмас. Вазир трамвай масаласида шаҳар бош режаси муаллифлари билан маслаҳат қилинишини айтиш билан чекланди. Бош режа муаллифлари эса трамвайни қайтармоқчи эмас. Улар бунинг ўрнига тезюрар автобуслар учун алоҳида ҳаракатланиш бўлаклари ташкил этишни афзал кўряпти.
Лойиҳачилар трамвайни рад этаётганига сабаб сифатида унинг қимматлигини кўрсатишяпти. Уларнинг ҳисоб-китоблари бўйича, 1 км трамвай йўлини қуриш 12 млн еврога тушади. Бундан келиб чиқадики, бир неча йиллар олдин шаҳардаги ўнлаб километр трамвай йўллари бузиб ташланганида, миллиардлаб долларлик инфратузилма шунчаки йўқ қилиб ташланган.
Жамоатчилик фаолларининг фикрича, гап Тошкентнинг узоқ йиллик бош режаси ҳақида кетаркан, трамвайни қиммат дейиш билангина ундан юз ўгиришга шошилмаслик керак. Бу транспорт тури метрога қараганда бир неча баробар арзон, автобусга қараганда анча кўпроқ йўловчи таший олади. Қолаверса, таркибнинг эксплуатация муддати автобусларникидан икки баробар узоқроқ. Автобуслар ва электробусларнинг ҳавони ифлослантириши ҳам аслида пул туради: шаҳар аҳолисининг даволаниш харажатлари, инсонлар касалланишидан иқтисодиёт кўрадиган миллиардлаб зарар қиймати ҳисобга олиниши керак.
Метрода бомба ҳақидаги ҳазил учун – 5 сутка
Тошкентда метрога тушаётган вақтда, сумкасида бомба борлигини айтиб ҳазиллашган қиз 5 суткага қамалди. Метронинг “Алишер Навоий” бекатида рўй берган воқеа ҳафта давомида энг кўп муҳокама қилинган воқеалардан бири бўлди.
19 ёшли қизнинг айтишича, кайфияти яхши бўлгани учун сумкасини кўрсатишни сўраган ички ишлар ходимларига ҳазил қилиб, унда бомба борлигини айтган. Шундан кейин ҳудуд зудлик билан ўраб олинган ва махсус гуруҳлар чақирилган. Сумка текширилганида ундан портловчи мослама топилмаган, қиз эса ички ишлар бўлимига олиб кетилган.
“Металлодетектор ёрдамида текширилганида, детектор сигнал берган. Ходим қиздан “сумканинг ичида нима бор” деб сўраган. Ҳазиллашяптимикин деб гумон қилгани учун ҳам икки марта сўраган. Иккинчи марта сўралганда ҳам қиз такроран “бомба бор” дегани учун навбатчилик қисмига ахборот берилган”, – деди Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳасан Ҳайдаров.
Шайхонтоҳур тумани суди қизнинг ҳаракатларини “майда безорилик” ва “махсус хизматларни қасддан алдаб чақириш” деб топди ва уни 300 минг сўм жаримага тортиб, 5 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ижтимоий тармоқ фаоллари ёш қизга ўйламай қилган иши учун ҳаддан ташқари қаттиқ жазо берилганини таъкидлаб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, шу йил август ойида Тошкентда метро бекатларини қўриқловчи ходимлар сони кўпайтирилиб, бекатларнинг устки қисмидаги постлар фаолияти тикланди. Бу назорат постлари 2018 йилда олиб ташланиб, фақат бекатнинг ичидаги ходимлар қолдирилганди. Орадан уч йил ўтиб, метрога кираётган одамлар яна аввалгидай бир эмас, иккита постдан ўтишига тўғри келяпти.
“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида” қонун қабул қилинмоқда
Ўзбекистонда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Қонунчилик палатасидан ўтган ҳужжатни энди Сенат кўриб чиқиши керак. Янги қонун давлат тизимида таниш-билишчилик ва қариндош-уруғчиликка қарши курашиш учун ҳуқуқий асос бўлади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳоновнинг айтишича, агентлик давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ минглаб ҳолатларни аниқлаган. Булар кўпроқ давлат харидлари билан боғлиқ. Яъни миллиардлаб сўмлик давлат буюртмалари давлат ташкилотларининг мансабдор шахслари ва уларнинг яқин қариндошларига тегишли корхоналарга бериляпти.
Албатта, тегишли қонуннинг қабул қилиниши билан у етарлича ишлаши учун жиддий сиёсий ирода керак бўлади. Ҳозирча, 8 август куни имзоланган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун ҳам минглаб давлат хизматчиларига тегишли сигнал бўла олмади. 8 ноябрда кучга кирадиган бу қонунга биноан, давлат ишида ишлайдиганлар тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкин эмас. Лекин, Аксилкоррупция агентлиги сентябр-октябр ойларида 10 та вилоятда ўтказган текширувларда маълум бўлишича, бу вилоятларда камида 1378 нафар давлат хизматчиси ҳали ҳам расман бизнес билан шуғулланяпти.
Улардан 138 нафари – ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари, 148 нафари давлат банклари бошқарувчиси ва уларнинг ўринбосарлари, 1092 нафари эса ҳоким ёрдамчилари. Қонун бўйича улар 8 ноябргача ё бизнесини, ё давлат ишини танлаши керак. Нега шошилишмаётганини тушунса бўлади, чунки қонун бўлгани билан, ҳозирча жавобгарлик ҳам, қатъий талаб ҳам йўқ.
Ҳоким ҳокимга қонунчиликни бузиб, қимматбаҳо машина олиб бермоқчи бўлди
Ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари – доим тренддаги одамлар. Бу ҳафта ҳам улар матбуот сарлавҳаларида энг кўп эсга олинган кишилар бўлди. Аввалига, душанба куни Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг ҳам қонунчиликка, ҳам виждону-инсофга зид қарори бекор бўлди. У Бандихон тумани ҳокими миниши учун Skoda Kodiaq машинасини сотиб олишга 429 млн сўм ажратиш ҳақида фармойиш чиқарган эди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бунга қарши чиқиб, фармойишни бекор қилдирди.
Гап шундаки, амалдаги тартибга биноан, туман ҳокимлари учун сотиб олинадиган хизмат машиналарининг нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробаридан ошмаслиги керак. Бу миқдор ҳозирги кунда 300 млн сўмга тенг. Боболов эса қўл остидаги туман ҳокимига 429 млн сўмлик “Шкода” олиб бермоқчи эди.
Сурхондарё ҳокими президентнинг март ойидаги топшириғини ҳам аллақачон эсидан чиқариб юборган кўринади. Шавкат Мирзиёев баҳордаги селекторлардан бирида бюджет харажатларини қисқартириш учун йил охиригача ҳокимлар ва вазирларга бино таъмирлаш, автомобил ёки мебел сотиб олиш каби иккинчи даражали харидлардан тийилишни буюрган эди.
Тўра Боболов яна бир нарсадан бехабар бўлиши мумкин. Унинг вилоятида яшовчи фуқаролар “Ташаббусли бюджет”га ҳаммадан кўп таклиф киритган. Яъни минглаб одамлар элементар шароитлар – ичимлик суви, йўл, свет ва мактаб муаммолари учун овоз тўплаб юрган пайтда, вилоят раҳбари 429 млн сўм бюджет пулини “иномарка”га ишлатмоқчи бўлди.
1 триллион сўмлик “тажриба”
Пискент тумани ҳокими Раҳимжон Рихсиев ноодатий эксперименти билан кўпчиликнинг эътиборини тортди. Гап шундаки, у онлайн аукцион орқали Оҳангарон туманидаги салкам 400 гектарлик яйловни 1 триллион сўмга ижарага олган. Бу ҳолат интернетда тарқалиб кетгач, Рихсиев видеомурожаат билан чиқиб, яйловни ижарага олиш ниятида бўлмагани, онлайн аукцион тизимидаги муаммони ўз кўзи билан кўриш учун унда қатнашганини айтди. Ҳоким аукцион сайтида таклиф қилиш мумкин бўлган энг катта сумма – 999 млрд 999 млн 999 минг сўмни ёзиб кўрган ва табиийки, ғолиб чиққан. Аукцион натижаси бекор қилинишини кутиляпти.
Пискент ҳокимининг ўтказган тажрибасини ноқонуний деб бўлмайди ва бу жиддий танқидга сабаб бўлолмаслиги мумкин эди балки. Лекин шу баҳона унинг бошқа бир ноқонуний ҳаракати очилиб қолди. Гап шундаки, Раҳимжон Рихсиев аукционда ер ижарага олганидан бир ҳафта ўтиб, “Animals Service” номли агрокорхонани рўйхатдан ўтказган. Яъни расман тадбиркорлик субъектини очган. Давлат хизматчиларига тадбиркорлик қилиш тақиқлангани ҳақида эса юқорида айтиб ўтдик.
Ҳокимларга алоқадор бошқа хабарларни қисқароқ қилиб айтиб ўтамиз. Ўтган ҳафта дайжестида сўз юритганимиз Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Жамшид Фозилов яна қамоққа олинди. У аввалроқ ҳибсга олинган, лекин шаҳар суди уни эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлашга рози бўлмаганидан кейин уй қамоғига ўтказилганди. Бунга кўнмаган прокурор суд қарори устидан арз қилган ва вилоят суди унинг арзини қаноатлантирган. Эслатиб ўтамиз, Қарши шаҳрини уч йил бошқариб, 2019 йилда ишдан олинган Фозилов жиноий шериклари билан 54 та ҳолатда ер сотганликда айбланяпти.
Шу ҳафта ер сотиш жиноятида айбланаётган ҳокимлик мансабдорлари сони яна биттага кўпайди. Урганч тумани ҳокими ўринбосари пора билан ушланди. У фермер хўжалиги учун ер ажратиб бериш эвазига ўз уйида 43 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Газдан узилган иссиқхоначилар ва метан-шохобчаларни текшириш топшириғи
Ўзбекистон бўйлаб иссиқхоналарнинг газдан узилгани ва қайта улангани – бутун ҳафта давомида деярли ҳар куни янгилик чиқиб турган мавзу бўлди. Совуқ тушиши билан табиий газни биринчи навбатда аҳолига беришни кўзлаган энергетиклар иссиқхоналарга газ узатишни тўхтатиб қўйди ва норозиликлардан кейин бу ҳаракатлари учун жавоб берадиган бўлди.
Экспортчи-тадбиркорлар етиштирган ҳосиллари нобуд бўлиши, расмийлар айтаётган кўмирга ўтиш эса тезда бўладиган иш эмаслигини айтиб эътироз билдирди, уларнинг мурожаатлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Шу билан бирга, турли вилоятлардан бўлган тадбиркорлар Telegram'да гуруҳ очиб, жамоавий мурожаат билан Тошкентга боришга келишиб олишди ва Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида йиғилишди. Бунинг учун улар ички ишлар органларига чақирилган бўлса ҳам, охир-оқибатда ўзлари учун ижобий натижага эриша олди.
Тадбиркорларни Тошкентда бош вазирнинг икки ўринбосари қабул қилди. Кўп ўтмай масалага шахсан президент ҳам аралашиб, муаммо билан дарҳол шуғулланишга топшириқ берди. Шу куннинг ўзида қатор иссиқхоналарга газ таъминоти тикланди.
Шу баҳона табиий газдаги катта ўғриликлар муаммоси ҳам очилди. Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов метан-шохобчаларнинг газ ўғирлаши масаласида ревизия бошлаш талабини қўйди. “Ҳаммасини кўтаринг, “заправка”ниям, бошқасиниям. Валломат бўлмайдими, ким бўлишидан қатъи назар. Ўғирлаган газини тийинигача тиклатамиз”, – деди администрация раҳбари.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Остона шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги биринчи саммит бўлиб ўтди. Шундан кейин Европа Кенгаши президенти Шарл Мишел расмий ташриф билан Тошкентга келди. Музокараларда Ўзбекистон томони Евроиттифоқни Марказий Осиёга кўпроқ эътибор қаратишга чақирди. Меҳмонлар эса инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигига урғу берди. Музокаралар 17-18 ноябрда Самарқандда бўладиган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” вазирлар учрашувида давом этади, бу саммитга иттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел келади.
11 ноябр куни Самарқандда яна бир халқаро тадбир – Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Шу ҳафта маълум бўлишича, ҳозирда туркий давлатларнинг ягона алифбосини яратиш масаласи муҳокама қилиняпти. Бунинг учун ташкилот қошида Ягона алифбо яратиш комиссияси тузиладиган бўлди.
Украиналик журналист Дмитрий Гордон ўз дастурларидан бирида Ўзбекистонда Эрон дронлари йиғилаётганини айтиб, шов-шувга сабаб бўлди. Ўзбекистон томони буни инкор этиб баёнот тарқатгач, Гордон Ўзбекистонни Тожикистон билан адаштириб юборганини айтди ва узр сўради. Эслатиб ўтамиз, Россия сентябр ойидан бери Украинада Эрон дронларидан фойдаланяпти. Май ойида Тожикистонда форс дронларини йиғиш бошлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Россиянинг Мордовия республикасидаги 17-сонли колонияда сақланган юздан ортиқ маҳкум, хусусан бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари ҳам “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси томонидан Украинадаги урушга юборилгани маълум бўлди. Орёл шаҳрида эса чиқиндини қайта ишлаш корхонасида ишлаётган 28 нафар ўзбекистонликка чақирув қоғози келди. Ўзбекистон дипломатлари аралашуви билан улар урушдан олиб қолинди. Жума куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу РФ президенти Владимир Путинга қисман сафарбарлик тугагани ҳақида ахборот берди. Лекин Путин ҳозирча сафарбарликни тугатиш ҳақида бирор ҳужжатни имзолагани йўқ.
Тошкентда Ғафур Ғулом боғини ижарага олган тадбиркор боғни “Dream Park” ёки “Орзулар боғи” деб аташга қарор қилди. Одамларнинг эътирозидан кейин ҳукумат вакиллари тадбиркор билан учрашди ва боғ номи ўзгармайдиган бўлди. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мирзо Улуғбек номидаги боғга Central Park, Миллий боғнинг бир қисмида ташкил этилган истироҳат масканига Magic City деган инглизча номлар берилганди.
Мавзуга оид
20:00 / 16.11.2024
Пискентдаги кўргилик, панел импортига чеклов ва Европани ёритадиган Ўзбекистон — ҳафта дайжести
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
21:48 / 26.10.2024