Ўзбекистон | 12:05
1098
18 дақиқада ўқилади

Йил якунлари: Ўзбекистон 2025 йилни қандай ўтказди?

Бугун – 31 декабр. 365 та бекатни босиб ўтган 2025 йил поезди ўтмиш қаърига йўл олиш фурсатини кутяпти. Kun.uz эса ўз анъанасига биноан, бу йил Ўзбекистонимиз солномасида қандай из қолдирганига назар ташлайди.

Йилнома масъулиятини ҳис қилган ҳолда, биз унга энг салмоқли мавзуларни танлаб олдик. Сиёсий саҳнадаги ўзгаришлардан тортиб, иқтисодий шарт-шароитларгача, энг шов-шувли воқеалардан тортиб, эришилган ютуқлар ва ечимини кутаётган масалаларгача – қисқа ва лўнда қамраб олишга ҳаракат қиламиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Сиёсий майдон

Йилномани сиёсий саҳнадаги ўзгаришлардан бошласак. Бу йўналишдаги асосий воқелик – Президент администрациясига раҳбар тайинлангани бўлди. Июн ойида Администрация раҳбари лавозими қайта тикланиб, бу вазифага Саида Мирзиёева тайинланди. Сиёсий карьерасини 2019 йилда бошлаган 41 яшли Мирзиёева тайинловга қадар икки йил давомида президент ёрдамчиси сифатида ишлаб келаётган эди.

Тайинловдан кейин, Администрацияда кўплаб кадр ўзгаришлари рўй бера бошлади. Аввало, 7 йилдан бери президент ёрдамчиси сифатида давлат раҳбарига энг яқин шахслардан бири, таъбир жоиз бўлса Шавкат Мирзиёевнинг “ўнг қўли” бўлиб келган Азиз Мағрупов лавозимини тарк этди. Шунингдек, иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчи Равшан Ғуломов, энергетик сиёсат бўйича маслаҳатчи Алишер Султоновнинг истеъфолари ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Суратда чап қатордаги уч мулозим: Азиз Мағрупов ва Равшан Ғуломов бошқа (қуйироқ) лавозимга ўтказилган бўлса, Алишер Султонов Администрацияни тарк этди. / Архив фото: Президент матбуот хизмати

Умуман олганда, охирги ярим йилда президент маслаҳатчиларидан 5 нафарининг ё лавозими ўзгарди, ёки ишдан кетди. Администрациядаги департамент раҳбарлари эса тўлиқ алмаштирилди. Шунингдек, Администрация раҳбарининг 5 нафар ўринбосари лавозими жорий этилди. Комил Алламжонов давлат хизматига қайтиб, Администрация раҳбарининг маслаҳатчиси ва Администрациянинг АҚШдаги вакили сифатида иш бошлади.

Саида Мирзиёеванинг фаолияти янги лавозимда ҳам асосан ижтимоий соҳалар билан боғлиқ бўляпти, лекин бир қатор ҳолатларда унинг ваколатлари кенгайгани яққол кўзга ташланади. Масалан, аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, гиёҳвандликка қарши курашиш ва экологик вазиятни яхшилаш мавзуларидаги йиғилишларда Мирзиёева талабчан раҳбар сифатида намоён бўлгани, вазирлар ва бошқа мансабдорларни сўроқ-саволга тутаётганини кўриш мумкин.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева аёллар ва болалар ҳуқуқларининг таъминланиши масаласида ички ишлар вазири ва бош прокурор ҳисоботларини тингламоқда. / Фото: Саида Мирзиёеванинг Telegram-канали

Ҳукуматга келсак, энг катта ўзгариш Ички ишлар вазирлигида рўй берди: Пўлат Бобожонов вазир сифатидаги 7,5 йиллик фаолиятидан кейин, президент маслаҳатчисининг ўринбосари лавозимига ўтказилди. Унинг ўрнига, 5 йилдан бери Тошкент шаҳар ИИББни бошқариб келган Азиз Тошпўлатов ИИВнинг янги раҳбари сифатида иш бошлади. Аммо вазир ҳам, бир вақтнинг ўзида унинг биринчи ўринбосари ҳам алмашган бўлса-да, тизимда ҳал этилиши лозим бўлган кўпдан кўп муаммолар сақланиб қолмоқда.

Ҳудудлар миқёсида эса, асосий тенденция – ҳокимларнинг ваколатлари ва молиявий имкониятларини кенгайтириш сиёсатининг давом этиши бўлди. Масалан, ярим йиллик якунларига кўра, давлат бюджети харажатлари 13 фоизга ошган бўлса, маҳаллий бюджетлар харажатлари бундан анча кўпроқ – 22 фоизга ошган. Бундан ташқари, 7 йил давом этган ҳудудларни секторларга бўлиб бошқариш амалиёти тугатилганини ҳам Ўзбекистоннинг 2025 йилги сиёсий ҳаётида муҳим воқелик сифатида қайд этиш мумкин.

Иқтисодиёт

АҚШ долларининг глобал қадрсизланиши, олтин нархидаги тарихий рекорд ва бошқа омиллар туфайли, йил давомида ўзбек сўми АҚШ валютасига нисбатан 6,8 фоизга мустаҳкамланди.

Ўзбекистоннинг 2025 йилги иқтисодий ҳаёти ҳақида нималарни айтиш мумкин? Аввало, аҳолимиз 38 миллиондан ошган бир пайтда, ишсизлик даражаси узоқ йиллик минимумга тушгани эътиборга молик. Ҳар ҳолда, расмий статистика шундай. Бандлик вазирлигига кўра, 3-чорак якуни бўйича ишсизлик кўрсаткичи 4,9 фоизни ташкил этган, бу – 2013 йилдан кейинги даврдаги минимум кўрсаткич. Ишсизликнинг 5-6 фоизгача бўлган даражасига иқтисодиётда табиий деб қаралади. Шу билан бирга, даромад солиғи тўловчи жисмоний шахслар сони деярли ўсмаётгани – эътиборга молик.

Расмийларга кўра, бу йил иқтисодий ўсиш 7 фоизга етиши, инфляция 7,3 фоизгача пасайиши кутиляпти. Камбағаллик даражаси эса 6 фоизга тушиши прогноз қилинган. Иқтисодий ўсишнинг тезлашиши – хизматлар секторининг гуркираб ўсаётгани, олтиннинг рекорд нархлари ва хориждан пул ўтказмаларининг кескин кўпайиши билан боғлиқ. Шунга мувофиқ, аҳолининг реал даромадлари ўсиши ҳам тезлашди: Статистика агентлигига кўра, январ-сентябр ойларида аҳоли жон бошига реал даромадлар 6,3 фоизга ўсган.

Аҳоли даромадларида хориждан пул ўтказмаларининг ўрни юқорилигича қоляпти. 11 ойлик якунлари бўйича пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилга қараганда 25 фоизга кўпайиб, 17 млрд доллардан ошиб кетди. Бу – камбағалликни қисқартиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилги даражада сақланиб қолганида, сентябр охирига келиб 8 та вилоят аҳолиси камбағаллашган бўларди.

Йилнинг иқтисодий мундарижасини белгилаб берган асосий воқеликлардан бири – олтин. Декабр ойига келиб, тилла нархи унциясига 4500 долларлик мутлақ янги маррани забт этди. Асосий экспорт товаримизнинг 1 йилда 70 фоизгача қимматлашиши, бунга қўшимча тарзда пул ўтказмаларининг 25 фоизга ўсиши ва бошқа омиллар туфайли, 2025 йилда ўта ноодатий манзарага гувоҳ бўлдик: мудом қимматлашишига ўрганиб қолганимиз АҚШ доллари йил давомида сўмга нисбатан қарийб 7 фоизга арзонлашди. Бунгача, доллар курси 2 йил олдинги даражага қайтиб қолиши – фантастикадек гап эди.

1 декабр ҳолатига Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари қиймати 61 млрд доллардан ошди ва бу Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинглари яхшиланишида асосий омиллардан бири бўлди. Жорий йилда S&P ва Fitch агентликлари Ўзбекистоннинг суверен рейтингини оширган бўлса, Moody’s ҳозирча бунга шошилмади ва фақат прогнозни “барқарор”дан “ижобий”га ўзгартириш билан чекланди. Moody’s баёнотига кўра, Ўзбекистон ўзи билан бир хил рейтингга эга давлатлардан қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши курашиш каби йўналишларда ортда қоляпти. Айни шу ортда қолиш – 2030 йилгача “инвестицион” тоифадаги суверен рейтинг олишни мақсад қилган ҳукумат олдидаги асосий чақириқ бўлса, ажаб эмас.

Пискент автополигони олдидаги навбатлар / Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан кадр

Қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашишдан ташқари, бевосита иқтисодий сиёсат билан боғлиқ таркибий ислоҳотлар зарурати ҳам сақланиб қоляпти. Протекционистик чораларни биргина Пискент автополигонидаги ҳангомалар мисолида ёдга олишимиз кифоя: аввалига навбат ажиотажи юзага келди; бунинг ортидан навбатсиз сертификат олиб берувчилар ҳам пайдо бўлди; шундан кейин лабораторияга олиб кирилган машиналар тайинли текширувсиз қайтариб чиқарилгани акс этган видео тарқалди; кейинроқ эса Leapmotor можароси ўртага чиқди.

Охир-оқибат, сентябр ойига келиб, муаллифи очиқланмаган сирли топшириқ асосида, ҳаммаси бир кундаёқ тақа-тақ тўхтади: Пискент автополигонидаги синовлар бекор қилинди. Бу орада гибрид электромобилларни олиб киришда экологик сертификат олиш талаби қўйилгани, лекин 3 кунга бормай бу тартиб бекор қилингани ҳам жамоатчилик ҳайратига сабаб бўлган эди.

Лекин автомобил импортига энг жиддий тўсиқ – сертификатлар билан боғлиқ эмасди: 1 майдан бошлаб, электромобиллар импорти учун утилизация йиғими 4 баробаргача оширилди. 3500 долларлик бу тўлов, албатта, маҳаллийлаштирувчиларга тааллуқли эмас. Россия тажрибасидан келиб чиқсак, бундай нотенглик 2026 йилга режа қилинган Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликдан кейин ҳам сақланиб қолиши мумкин. Ўзи умуман, аксарият иқтисодчилар ЖСТга аъзо бўлиш автомобил бозорини эркинлаштиради деган оптимистик прогноз беришдан тийиляпти.

Йил давомида протекционистик чекловлар жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистонга божсиз товар олиб кириш нормалари пасайтирилганида ҳам кўзга ташланди. Бу масала айниқса iPhone 17 чиққан пайти тармоқларда роса муҳокама бўлди, чунки чет элдан қайтаётган ватандошлар ҳатто ўзлари учун олган шахсий iPhone'лари учун ҳам бож тўлашига тўғри келяпти. Кейинчалик, ноябр ойида қабул қилинган фармон билан, шахсий эҳтиёж учун товар олиб киришдаги лимитлар тўлиқ қайта кўриб чиқилиши белгиланди.

Дайжестнинг иқтисодий қисмида йилнинг энг катта хусусийлаштириш битимларини ҳам санаб ўтсак: бу йил Самарқанд автомобил заводидаги 75 фоизлик давлат улуши Туркиянинг Anadolu Isuzu компаниясига 80 млн долларга сотилди; Humo тўлов тизимининг 100 фоиз улуши 65 млн долларга баҳоланиб, Paynet ихтиёрига ўтди; “Трест-12” қурилиш компаниясининг 51 фоизи 111 млрд сўм эвазига Дониёр Комиловга сотилди; “Ўзшаҳар қурилиш инвест”, Деҳқонобод калий заводи ва Талимаржон энергетика мажмуасидаги йирик ИЭС каби активлар қанча нархга хусусийлаштирилгани эса маълум қилинмади. Шунингдек, “Кварц” заводининг давлат ихтиёрига қайтариб олингани борасида ҳам қатор саволлар очиқ қолди.

Қонун устуворлиги

Хотинига тегишли Malibu'да содир этилган кўплаб қоидабузарликлар тизимдан ўчирилгани ортидан, Фарғона вилояти ЙҲХБ бошлиғи Акмал Аҳмедов ишдан олинди. / Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан кадр

Ички сиёсат ҳақида гап кетганда, қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши курашиш масалалари алоҳида ўрин тутади. Чунки ҳуқуқ ва эркинликларнинг амалда ишлаши ҳам, иқтисодий тараққиёт ҳам, халқаро майдондаги рақобатдошлигимиз ҳам шу омилларга боғлиқ.

Жаҳон одил судлов лойиҳасининг “Қонун устуворлиги” индексида бу йил Ўзбекистон 2 поғонага кўтарилиб, 81-ўринга чиқди. Бу яхши албатта, лекин 2-3 йил олдинги натижамиз билан таққослаганда, пасайиш бор. 2025 йилда Ўзбекистон бу индекснинг одил судлов ва ҳукумат ваколатларининг чекланиши субиндикаторларида ўрнини яхшилаган бўлса, очиқлик сиёсати ва фундаментал ҳуқуқлар борасидаги ўрнимиз ёмонлашди.

Фундаментал ҳуқуқлар сирасида, сўз эркинлиги бўйича 115-ўринга тушганимиз таассуфли. “Чегара билмас мухбирлар”нинг Матбуот эркинлиги рейтингида эса бундан-да пастроқ – 148-поғонада қоляпмиз. Халқаро кузатувчилар Ўзбекистондаги матбуот эркинлигини ўтган йили 100 баллик тизимда 37 баллга баҳолаган бўлса, бу йил мамлакатимизга ундан ҳам камроқ – 35 балл беришди. Бу йил Матбуот эркинлиги индексидаги ўрнимиз ўзгармаган бўлса ҳам, унинг замирида ётувчи индикаторларнинг бешаласида ҳам пасайиш қайд этилган.

Айни пайтда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти ҳамон доимий муҳокамалар марказида қоляпти. Май ойида сенатор Абдураҳим Эркаев судларда “телефон ҳуқуқи” давом этаётганини танқид қилган эди. Куни кеча Акмал Шукуров иши бўйича апелляция ажрими катта шов-шувни келтириб чиқарди. Ички ишлар тизимида эса, фарғоналик мактаб директори Гулираъно Қосимованинг таҳқирланиши, Фарғона вилояти ЙҲХБ бошлиғининг хотинига тегишли Malibu'да содир этилган ўнлаб қоидабузарликлар тизимдан ўчириб юборилгани каби бир қатор ҳолатлар йилнинг энг резонансли воқеалари бўлди.

Коррупцияга қарши курашишга келсак, афсуски, бу йўналишдаги айрим институционал ислоҳотлар бу йил ҳам амалга ошмай қолди. Март ойида давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш яна бир бор кун тартибига чиққанди, лекин шундан кейин бу масалада бошқа янгилик бўлмади. Шуни инобатга олганда, нуфузли Transparency International ташкилоти индексида Ўзбекистоннинг рейтинг баллари 10 йил ичида биринчи марта пасайгани бежиз эмасдек кўринади.

2025 йил яна нималар билан ёдимизда қоляпти?

"Ўзатом" директори Азим Аҳмадхўжаев ва "Росатом" раҳбари Алексей Лихачёв 9 октябр куни Жиззахдаги кам қувватли АЭС реакторининг биноси учун котлован қазилишига старт берди. Биринчи бетонни қуйиш 2025 йил март ойига режа қилинган. / Фото: "Ўзатом" матбуот хизмати

Жиззахда Марказий Осиёдаги биринчи АЭС қурилиши бошланди. 15 апрел куни бўлажак станциянинг маъмурий бинолари ва омборлар қурилиши старт олди. 9 октябрда эса “Ўзатом” директори Азим Аҳмадхўжаев ва “Росатом” раҳбари Алексей Лихачёв кам қувватли (110 MW) атом реакторининг биноси учун котлован қазиш ишларини бошлаб берди. Шунингдек, бу йил катта АЭС масаласи яна сиёсий кун тартибига қайтди ва бу борада Москвада бир нечта ҳужжатлар имзоланди. 26 сентябр кунги битимга асосан, Жиззахдаги танланган майдонда ҳам кам қувватли, ҳам анъанавий йирик АЭС қуриладиган бўлди. Агар лойиҳа амалга ошса, Ўзбекистон катта ва кичик атом станцияларини битта майдонда интеграция қилган дунёдаги биринчи давлатга айланади. Кичик станциянинг биринчи энергоблокини 2029 йилда ишга тушириш режа қилиняпти.

Олий таълимда сиртқи шаклга қабул тўхтатилди. 2017 йилдан йўлга қўйилган сиртқи таълим – олий таълимга қамров даражасининг ошишидаги асосий омилга айланиб, охирги пайтларда сиртқида ўқиётган талабалар сони кундузги таълимда ўқиётганларга етай деб қолганди. Бундан ташқари, “супер-мупер” контракт номли тартиб ҳам тугатилиб, имтиҳонда ўта паст балл тўплаган иккичилар учун давлат олийгоҳларининг эшиклари расман ёпилди. Йил давомида хусусий университетлар фаолиятига талаблар кучайтирилиб, Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ва Касбий таълим агентлиги каби янги ташкилотлар очилди. Мактаб таълимида ўқитувчиларга тоифа бериш тизими шаффоф шаклга ўтгани сабаб ўқитувчиларнинг билими борасидаги “ҳақиқий авҳол кўриниб қолгани” айтилган бўлса, мактабгача таълимдаги нуқсонлар Тошкент ва Жиззах вилоятлари боғчаларида оммавий заҳарланишларга олиб келди.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон президентлари учта давлат чегарасининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартномани имзолаш маросимида. 31 март, Хўжанд / Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Ташқи сиёсатда бир қатор муҳим ютуқларга эришилди. Аввало, Фарғона водийсидаги чегаралар масаласига ҳам икки томонлама, ҳам уч томонлама келишувлар асосида нуқта қўйилди. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими амал қила бошлади, Афғонистон эса Ўзбекистоннинг учинчи энг катта экспорт бозорига айланди. Апрел ойидаги Самарқанд саммитида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи бундан буён стратегик шерик эканликларини эълон қилди. Кейинчалик Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасида узоқ кутилган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Расмий Тошкент йил давомида Франция, Словакия ва БАА билан муносабатларини стратегик шериклик даражасига олиб чиққани ҳам диққатга сазовор. Шунингдек, бу йил МО етакчиларининг Тошкентда ўтган маслаҳат учрашувида иттифоқчимиз Озарбойжон ҳам бу форматга тўлақонли аъзо бўлди. Шавкат Мирзиёев ва Доналд Трампнинг аввалига Ню-Йоркда, кейин С5+1 доирасида Вашингтонда ўтган учрашувлари ҳам дипломатик майдонда йилнинг асосий воқеалари қаторидан жой олди.

Ўзбекистон миллий жамоаси (эндиликда собиқ) бош мураббийи Тимур Кападзе ЖЧ йўлланмаси муддатидан олдин ҳал этилган БАА билан Абу-Дабидаги ўйиндан кейин / Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси

Салмоқли ютуқлар спорт соҳасида ҳам талайгина. Бу йил халқимизнинг узоқ йиллик орзуси ушалди: миллий жамоамиз ваниҳоят Жаҳон чемпионатига чиқди. 5 июн оқшоми, Абу-Дабида БААга қарши кечган ўйин якунида ҳакам ҳуштак чалган сониялар – миллионлаб футбол мухлислари учун нафақат спортда, балки шахсий ҳаётда ҳам 2025 йилнинг энг ҳаяжонли лаҳзалари бўлиб қолди. Шунингдек, Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”га трансфери ўзбек футболи учун оламшумул воқелик бўлди. Ўсмирлар миллий жамоамиз эса Осиё чемпионатини яққол фаворит сифатида ўтказиб, якунда чемпионликка эришди. Спортдаги ютуқлар қаторида 19 яшар Жавоҳир Синдоровнинг сенсацияси ҳам катта ўринга эга: у Жаҳон кубоги ғолиби бўлган энг ёш гроссмейстер сифатида тарих яратди.

Ноябр ойида, Тошкентда ҳаво сифати ёмонлашиб кетган кунлари обуначилар томонидан Kun.uz'га юборилган таққослама суратлар

2025 йил якуни – ҳаво сифати ўта ёмонлашиб кетган ҳафталар билан ёдда қолди. Ўта қуруқ ва ёмғирсиз кечган куз охирида, қалин смогни келтириб чиқарган инверсия ҳодисасининг узлуксиз 3 ҳафтадан ортиқроқ давом этиши – экология ва одамлар саломатлигини Ўзбекистондаги энг ташвишли масалага айлантириб қўйди. Натижада Республика махсус комиссияси тузилиб, чангни бостириш учун салкам сафарбарлик эълон қилинди: шаҳарларда кўчалар ва дарахтларга сув сепилди, фавворалар ёқиб қўйилди; иссиқхоналар, қурилишлар ва саноат корхоналари устидан назорат кучайди; Аи-80 бензини сотуви узил-кесил тўхтатилди. Айни шу кунлари Экология қўмитаси фаолияти ҳам қайта кўриб чиқилиб, унинг ваколатлари жиддий кучайтирилди, экополиция ташкил этилди. Андижондаги ҳокимлар эса, “ҳавони ифлослаяпти” деб сомсапазларнинг тандирларини буздириши билан, бу аномал кунларнинг янада эсда қоларли бўлишини таъминлади. Айни пайтда, йилнинг экологияга оид иккинчи энг шов-шувли воқеаси – Чорвоқ сув омбори атрофида курорт-шаҳар қуриш ғоясини ҳам унутиб бўлмайди. Эслатиб ўтамиз, Sea Breeze Uzbekistan номли улкан лойиҳани амалга оширишга Вазирлар Маҳкамаси қарори билан аллақачон рухсат берилган. Қарор қабул қилишдан олдин экологик экспертиза ҳам, жамоатчилик муҳокамаси ҳам бўлгани йўқ.

***

Kun.uz'га ва умуман ижтимоий-сиёсий жараёнларга бефарқ эмаслигингиздан миннатдормиз. Бизни кузатишда давом этинг. 2026 йил Ўзбекистонимиз учун, дунё учун тинчлик ва эзгулик йили бўлсин.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳрузбек Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Мавзуга оид