Иқтисодиёт | 17:22 / 24.02.2024
58668
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги энг йирик газ омборининг таъсисчиси ўзгарди

Газли газ омборига эгалик қилувчи Gazli Gas Storage улушларининг назорат пакети Россиянинг “Форус” компаниясидан Ҳонгконгда рўйхатга олинган Daxon ҳолдингига ўтган.

"Ўзбекистон 24" лавҳасидан кадр

Kun.uz Ўзбекистондаги энг йирик ерости газ сақлаш омбори – Газли иншоотининг сиғими 3 баробардан кўпроққа оширилиши ҳақида хабар берган эди. Маълум бўлишича, газ омборига эгалик қилувчи компаниянинг таъсисчиси ўзгарган.

2023 йил 25 июл ҳолатига, “Gazli Gas Storage” МЧЖ ҚКнинг 40 фоиз улуши “Ўзтрансгаз” АЖга, 60 фоизи Россиянинг “Форус” акциядорлик жамиятига тегишли бўлган. 2024 йилнинг 24 феврали ҳолатида эса, “Форус” таъсисчилар таркибидан чиққани, унга тегишли бўлган 60 фоизлик улуш Daxon Holdings Limited'га ўтганини кўриш мумкин. Корхона устав фонди ҳажмида (297,9 мрлд сўм) ўзгариш бўлмаган.

Ўзбекистондаги энг йирик газ омборининг мажоритар ҳуқуққа эга таъсисчиси қачон ўзгаргани, Россия компанияси ўз улушини қай тарзда бегоналаштиргани ва бу қарорини “Ўзтрансгаз” билан келишгани ёки йўқлиги маълум эмас. Бу ўзгариш ҳақида ҳозиргача расман хабар берилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 февралдаги қарори билан тасдиқланган, 2024 йил 1-чорагига мўлжалланган инвестиция дастурига кўра, Хитой компанияси деб кўрсатилган Daxon Нoldings Limited 2020–2025 йилларда “Газли конида газни ер остида сақлаш иншооти ҳажмини 10 млрд метр кубга ошириш, Газли конининг газ ва нефт уюмларида қўшимча геология-қидирув ишларини бажариш ва уларни якунловчи босқичда ишлатиш (1-босқич)” лойиҳасини амалга оширади.

Daxon ҳолдинги ҳақида интернетда маълумот жуда кам. Хусусан, унинг энергетика лойиҳаларидаги иштироки ва тажрибаси бор-йўқлиги маълум эмас. Компания 2019 йил 23 июлда Ҳонгконгда рўйхатдан ўтган.

Шунингдек, очиқ манбаларда 2011 йили Кипрда ташкил этилган Daxon Ltd ва 2014 йил Британияда рўйхатга олинган Daxon Limited компанияларини учратиш мумкин.

Лойиҳа тарихи

Бухородаги Газли газ омборининг сиғими 3 млрд кубометрдан 10 млрд кубометргача оширилиши, бунга хорижий ҳамкорлар жалб этилиши ҳақида илк марта 2017 йилда “Ўзбекнефтгаз” расмийлари маълум қилган. Кейинроқ хорижий ҳамкор Россиянинг “Форус” компанияси бўлиши ойдинлашган. 2018 йил май ойида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида “Ўзбекнефтгаз” ва “Форус” ўртасида англашув меморандуми имзоланган.

2018 йил 17 октябрга келиб, Ўзбекистонда МЧЖ шаклидаги “Gazli Gas Storage” қўшма корхонаси рўйхатдан ўтказилган. Компаниянинг 40 фоиз улуши “Ўзтрансгаз” АЖ, 60 фоизи бир йил олдин таъсис этилган “Форус” АЖга тегишли бўлган.

Шу тариқа, Газли омбори сиғимини босқичма-босқич ошириш лойиҳаси 2019 йилги инвестиция дастурига киритилган. Лойиҳанинг омбор сиғимини 10 млрд кубометргача оширишни кўзда тутувчи барча босқичлари жами 850 млн долларга, 2020-2025 йилларни қамраб оладиган, сиғимни 6 млрд кубометргача оширишни назарда тутувчи 1-босқичи эса 281,2 млн долларга баҳоланган. Бош пудратчи сифатида Eriell гуруҳи жалб қилинган.

Лойиҳага 2019-2020 йилларда инвестиция жалб қилинмаган; молиялаштириш 2021 йилда бошланган. Кейинроқ лойиҳа қиймати 268,7 млн долларгача камайтирилган. 2024 йил 1 январ ҳолатида, режадаги 268,7 млн доллар инвестициядан ҳали ўзлаштирилмаган қисми 50,6 млн долларни ташкил этган. Daxon ҳолдинги жорий йилнинг 1-чорагида 3 млн доллар инвестиция киритиши кўзда тутилган.

"Ўзбекистон 24" лавҳасидан кадр

Ўзбекистон газ саноатининг юраги

Газли газ сақлаш омбори ўз сиғимининг катталиги билан мамлакат энергетик балансини сақлашда муҳим ўрин тутади. Омбор – Ўзбекистон газ тармоғининг юраги ҳисобланувчи Газлидаги энг йирик стратегик объектдир. Бу ерда ерости газ сақлаш омборидан ташқари, газ конлари, газни қайта ишлаш заводи, газ экспорти ва импортида катта аҳамиятга эга Газли магистрал газ қувурлари бошқармаси жойлашган.

Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги бу ҳудуд “Бухоро–Урал”, “Ўрта Осиё–Марказ” ва “Газли–Чимкент” магистрал қувурлари кесишган нуқтада жойлашгани сабабли мамлакатдаги газ-транспорт ҳаби ҳисобланади. Зангори олов билан боғлиқ тарихи 1950-йиллар ўрталаридан бошланган Газли нафақат Марказий Осиё, балки собиқ иттифоқ газ тизимининг ҳам бошланиш нуқтаси бўлгани айтилади.

Газ импорти

2023 йилда Ўзбекистон илк марта Россиядан газ импорт қила бошлади. Расмий статистикага кўра, ўтган йили мамлакат 694,9 млн доллар қийматдаги табиий газ импорт қилган бўлиб, бу 2022 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп. Газ экспорти эса 2023 йилда икки баробарга пасайиб, 529,9 млн долларни ташкил этган. Шунга кўра, экспорт ва импорт ўртасидаги фарқ манфий 165 млн долларга тенг бўлган.

Ўтган йил июлда UzGasTrade ва “Газпром” ўртасида йилига 2,8 млрд кубометр ёки кунига 9 млн кубометргача газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилди. Шундан кейин томонлар ўртасида ўрта ва узоқ муддатли шартномалар бўйича музокаралар бошланди.

2024 йилги давлат дастурига кўра, “шимолдан импорт қилинадиган” табиий газ ҳажми кунига 9 млн кубометрдан 32 млн кубометргача оширилади. Республика магистрал газ тизимини бунга тайёрлаш учун ташқи қарзлар ҳисобидан 500 млн доллар ажратиш режа қилинган.

Мавзуга оид