АЭСларни кўпайтириш режаси ва коммунал тарифлар муҳокамаси — ҳафта дайжести
|08:505 12713 мин
Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим муҳим янгиликлари — Kun.uz дайжестида.
Иккинчи ва учинчи АЭСлар ҳам режада
Жиззахда қурилаётган атом электр станцияси Ўзбекистондаги ягона АЭС бўлмаслиги тобора ойдинлашиб боряпти. Президент Шавкат Мирзиёев иккинчи ва ҳатто учинчи атом электр станциясини ҳам қуриш режалари борлигини маълум қилди. Давлат раҳбари бу ҳақда жума куни энергетика соҳасидаги инвесторлар билан учрашувда айтиб ўтди.
“Эртага янги ҳамкорларимиз билан иккинчи АЭСни қуриш масаласида инвесторлар билан гаплашамиз. АЭСга жуда катта эътибор беряпмиз, бизда уран ишлаб чиқариш кўпайяпти. Уран ишлаб чиқаришга жуда катта сармоя жалб қилдик, тажриба орттирдик. Биринчи АЭСни бошладик, иккинчи ва учинчисига ҳам режаларимиз бор”, – деди президент.
Жаҳон ядро ассоциацияси маълумотига кўра, мамлакатимиз 2024 йилда уран ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда бешинчи ўринда турган – ўша йили Ўзбекистонда тахминан 4 минг тонна уран ишлаб чиқарилган. Геология вазирлигига кўра, 2025 йилда бу кўрсаткич 7 минг тоннага етган, 2026 йилда эса 8 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилган. Уран ишлаб чиқариш ҳажмини 2030 йилга бориб 15 минг тоннагача ошириш мақсад қилинмоқда.
Маҳаллий хомашё билан таъминланган 2-3 та АЭС қуриш – асосан табиий газга таянадиган ҳозирги энерготизимни узоқ муддатда диверсификация қилиш, газга қарамликни камайтириш нуқтайи назаридан жозибали кўринади. Қолаверса, 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари улуши 54 фоизга етиши кутиляпти
Мавзуга оид
Ядро энергетикасида режалар кенгайди: иккинчи ва учинчи станциялар ҳам қурилиши мумкин. Иситиш мавсуми янги тарифлар билан бошланади: муҳокамада – пропан ва иссиқлик таъминоти. Педофилия учун умрбод қамоқ жазоси кучга кирди; шилқимлик учун ҳам жазо оғирлашди. “Ўзбекистон почтаси” Wildberries бошқарувида: Давактив раҳбари ёлғон гапирдими?
, бу эса улкан энерготизим учун барқарорлик масаласини ўртага чиқаради, чунки қуёш ва шамол станциялари ўзгарувчан об-ҳаво шароитларига, гидроэлектрстанциялар эса ёғингарчилик ва сув омборларидаги захираларга боғлиқ. Бундай шароитда АЭСлар ишончли таянч вазифасини ўташи мумкин.
Лекин масаланинг эҳтиёткорликни талаб қиладиган бошқа жиҳатлари ҳам бор. Аввало, АЭСлар соф иқтисодий жиҳатдан қанчалик ўзини оқлайди? Маълумки, ядровий станциялар қурилиши жуда қиммат ва анча узоқ вақт давом этади. Қурилиш битгач, станцияларни эксплуатация қилиш, хавфсизлигини таъминлаш ҳам – катта харажат. Оддий мисол, Жиззахда қурилаётган илк АЭС бўйича иқтисодий ҳисоб-китоблар, у ерда ишлаб чиқариладиган энергиянинг таннархи ҳалигача маълум эмас. Қолаверса, сув танқислиги шароитида совитиш муаммоси, станцияни қуриб берган хорижий давлатга ўнлаб йилларга чўзиладиган технологик боғлиқлик пайдо бўлиши каби омилларни ҳам унутмаслик лозим.
Эслатиб ўтамиз, Россия билан ҳамкорликда Фориш туманида қурилаётган 2,1 гигаваттли АЭС 9,5 млрд долларга баҳоланган. Аввалроқ Ўзбекистон иккинчи АЭСни Хитой билан ҳамкорликда қуришни режалаштираётгани маълум бўлганди.
Иситиш мавсуми: компенсация, тариф ва чегирма
Иситиш мавсуми бошланиши муносабати билан, эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан моддий ёрдам тарқатилади. Муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасига кўра, моддий ёрдам Ижтимоий реестрдаги оилаларга, шу билан бирга, реестрга киритилмаган, лекин даромади муайян мезонларга тушадиган оилаларга ажратилади. Масалан, оиланинг даромади жон бошига 1 млн 430 минг сўмдан кам бўлган оилалар, Ижтимоий реестрга кирмаган бўлса ҳам, 1 млн сўм олиш ҳуқуқига эга.
Моддий ёрдам 30 ноябргача ватандошнинг ижтимоий картаси ёки банк картасига ўтказиб берилади. Бу жараёнда “давлат пул тарқатяпти” деган мазмундаги фирибгарлик схемаларидан огоҳ бўлиш, интернетдаги шубҳали сайтларга карта маълумотларини ва SMS-кодни киритмаслик тавсия этилади.
Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш чоралари кенгайтирилгани бежиз эмас. 1 ноябрдан бошлаб иссиқлик таъминоти ва суюлтирилган газ нархлари ошиши кутиляпти. Тегишли қарор лойиҳасида барча ҳудудлар бўйича иссиқ сув ва иссиқлик таъминотининг аҳоли учун таклиф этилаётган янги тарифлари келтириб ўтилган. Хусусан, Тошкент шаҳрида тарифлар 30 фоизга ошиб, иссиқлик таъминоти 1 квадрат метр учун суткасига 241 сўмдан 314 сўмгача қимматлашиши мумкин. Мисол учун, пойтахтдаги ўртача 60 квадрат метрли хонадоннинг яшаш майдони 35 квадрат метр бўлса, эски тариф бўйича 261 минг сўм бўлган уйни иситиш харажати янги тарифларда ойига 340 минг сўмга айланади. Худди шундай, иссиқ сув тарифини ҳам 30 фоизга ошириш таклиф этиляпти.
Расмийларга кўра, Тошкентда иссиқ сув ва иситиш тарифлари ҳозирги таннархнинг қарийб 20 фоизини қоплайди. 2030 йилга бориб тарифларни босқичма-босқич таннарх даражасига етказиш кўзда тутилган. Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоев буни изоҳларкан, тарифлар ва таннархни тенглаштириш йўлида таннарх 30-40 фоизга пасайтирилишига ваъда берди.
“Таннархга етиш фақат тариф орқали амалга оширилмайди. Аввало, компания таннархни пасайтириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилади. Ўша қарорда ҳам ёзилган: ҳар йили таннархни 15 фоиздан кам бўлмаган даражада пасайтириш бўйича дастур ишлаб чиқилади ва уни амалга оширади. Иккинчиси, ҳозирги кунда иситиш хизматида йўқотишлар ҳам бор – буни ҳамма билади, ўша йўқотишларни техник аудитдан ўтказган ҳолда, йўқотишларни камайтириш бўйича модернизация дастури ишлаб чиқилади. Бунинг натижасида таннархни камида 30-40 фоизга камайтирса бўлади”, – деди Мустафоев.
Вазир ўринбосари иситиш мавсумида газлашмаган ва табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда электр энергияси бўйича базавий меъёр 500 kWh эмас, 350 kWh'гача оширилаётганига ҳам изоҳ берди. Унинг айтишича, газлашмаган ҳудудлардаги 60 фоиз аҳоли қиш пайтида ойига 300 kWh'гача электр энергияси ишлатади ва шу сабабли мавсумий меъёрни 350 kWh деб белгилаш таклиф қилинмоқда. Оширилган лимит қарийб 4,6 миллионта хонадонга тааллуқли бўлади.
Суюлтирилган газ таъминотида бозор механизмига ўтилади
Муҳокамага қўйилган қарор лойиҳаларидан учинчиси – суюлтирилган газ таъминотига оид. Унга кўра, 1 ноябрдан эътиборан аҳоли учун суюлтирилган газнинг чакана нархи 2,5 баробарга: 1 кг учун 2000 сўмдан 5000 сўмгача ошиши мумкин. Расмийлар буни ички ишлаб чиқаришнинг қисқариши, импортнинг ўсиши ва умуман мавжуд дефицит билан изоҳламоқда.
Пропан нархидаги бундай катта сакраш аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига сезилмаслиги айтиляпти, чунки лойиҳада эҳтиёжманд оилалар учун суюлтирилган газнинг ҳар бир килограммига 3000 сўмдан компенсация берилиши назарда тутилган. Бунда, компенсация ойига кўпи билан 20 кг суюлтирилган газ учун тўланади ва таклиф этилаётган тарифда максимал 60 минг сўмни ташкил этади.
Аҳоли учун суюлтирилган газ нархларини эркинлаштириш қандай амалга оширилишига келаси йилда аниқлик киритилади. Яъни давлат бир пайтлар бензин нархларини тартибга солишни тўхтатгани каби, суюлтирилган газ нархини ҳам қўйиб юборади ва нархни бозор белгилай бошлайди. Энг муҳими, янги вужудга келадиган бозор барча учун очиқ, эркин ва рақобатли бўлиши, давлат монополияси ўрнини шунчаки хусусий монополия ёки олигополия эгалламаслиги керак. Ўйин қоидаларини белгиловчи либерализация лойиҳаси келаси йил 1 майгача тайёр бўлиши кутиляпти. Унда эҳтиёжманд қатламнинг ижтимоий ҳимояси биринчи навбатда инобатга олиниши белгиланган.
Дастлабки режаларга кўра, Андижон тажрибаси натижалари асосида, суюлтирилган газни аҳолига етказиб берувчи хусусий компаниялар фаолияти бутун республикада жорий этилади; истеъмолчилар таъминотчини ва етказиб бериладиган ҳажмни ўзлари танлайди; “Ҳудудгазтаъминот”нинг тегишли шўъбаси – LPG-Trade қисман хусусийлаштирилади; газ баллонларини оддий дўконлар ва супермаркетлардан сотиб олиш мумкин бўлади.
Шу ўринда, пропан таъминоти бўйича мавжуд вазиятни ҳам ёритиб ўтишимиз мақсадга мувофиқ. Мавжуд тартибга кўра, газлашмаган ҳудудлар аҳолисига овқат пишириш учун суюлтирилган газ ҳар ой камида бир марта етказиб берилиши керак, лекин амалда пропан дефицити мавжуд ва етказиб бериш муддатлари кўпинча чўзилиб кетади. Kun.uz июл ойида Фарғона вилояти Қува тумани мисолида газбаллон етказиб бериш муддатлари 100 кундан ошиб кетгани ҳақида репортаж тайёрлаган эди.
Шундан кейин Бағдод туманидан бизга келиб тушган видео муаммони янада яхшироқ тасвирлаб берди: унда Қирқволида қишлоғи аҳли пропан баллонларини олиб келадиган юк машинаси келишини эрталабдан кечгача беҳуда кутгани ҳақида сўз боради.
“Мана, уч ойдан ўтиб кетди, газбаллон йўқ. Деярли 12 соатдан бери ўтирибмиз. Таърифга тил ожиз-да энди. Илон Маск Марсга бир балолар қурамиз деяпти, биз эса газбаллон кутиб ўтираверамиз. Яхши бўлиб кетади, худо хоҳласа”, дейди мурожаатчи.
Кечиккан қонун...
Фото: Peter Leee / Shutterstock
Ўзбекистонда педофилия учун жавобгарлик кучайтирилди. Тегишли қонун 14 октябр куни президент томонидан имзоланди ва шу кундан эътиборан кучга кирди.
Бунга қадар 14 ёшга тўлмаган боланинг номусига теккан шахслар учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган эди. Энди эса бундай жиноятчилар 15 йилдан 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум этилади. Бу турдаги оғир жиноятлар бўйича ҳукм чиқаришда жиноятчи айбига иқрор бўлгани, чин кўнгилдан пушаймонлиги ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олинмайди.
Бундан ташқари, қасддан содир этилган ва боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноятлар учун берилган жазо енгиллаштирилмайди ва маҳкум жазони тўлиқ ўташи шарт бўлади. Юқорида санаб ўтилган жиноятлар учун жавобгарликка тортиш муддатида ҳам чеклов бўлмайди. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шаҳвоний шилқимлик учун белгиланган жарималар кескин оширилди, бундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий қамоқ жазоси 10 суткадан 15 суткагача узайтирилди.
Ушбу қонуннинг фавқулодда тезкорлик билан қабул қилиниши – Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги боғчанинг 52 ёшли хўжалик ишлари мудири 5 ёшли қизчани зўрлагани билан боғлиқ. Бу жиноят ўтган ойдаги энг резонансли воқеалардан бири бўлган, шундан кейин қонун лойиҳаси зудлик билан парламентга киритилиб, Қонунчилик палатасида учта ўқишдан ва Сенатдан ўтиши учун жами 4 кун етарли бўлганди.
Бир қарашда, масъуллар жирканч жиноятга тезкорлик билан реакция билдиргандек кўринади, лекин картина тўлиқроқ бўлиши учун қўшимча тафсилотлар ҳам керак. Гап шундаки, 2026 йил 17 феврал куни, яъни Учқўрғондаги жиноятдан анча аввалроқ, 2026 йилги давлат дастури қабул қилинган. Дастурдаги бандларнинг бирида педофилия учун умрбод қамоқ жазосини белгилаш вазифаси қўйилган ва ижро учун 1 апрелгача муддат белгиланган. Лекин қонун лойиҳаси 1 апрелда ҳам, 1 июнда ҳам, 1 сентябрда ҳам парламентга киритилмаган. Ким билади, агар Учқўрғондаги фожиа бўлмаганида, дастурда белгиланган вазифа ҳали ҳам ўз ижросини кутиб ётган бўлармиди?
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
“Ўзбекистон почтаси” Wildberries бошқарувига берилгани ошкор бўлди. Миллий почтага россияликлар қизиқиш билдираётгани бир йил олдин маълум бўлган, ўшанда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Давлат активларини бошқариш агентлигига шаффофликни талаб қилиб тақдимнома киритган эди. 2026 йил сентябрига келиб, “Ўзбекистон почтаси” кузатув кенгашидаги 9 та ўриндан 5 тасини Wildberries вакиллари эгаллади, Давактив директори эса жонли эфирда ишончли бошқарув келишуви борлигини рад этди. Лекин кўп ўтмай ҳақиқат ошкор бўлди: корпоратив ҳужжатлардан маълум бўлишича, 2025 йил 30 декабрда WB'нинг Ўзбекистондаги шуъбаси билан ишончли бошқарув тўғрисида шартнома имзоланган.
Пешлавҳани рекламага тенглаштириш расман тўхтатилди. Тошкент шаҳридаги тадбиркорларни қийнаб келган муаммо расман ўз ечимини топди: ҳукумат қарори билан, дўконлар пештоқига “озиқ-овқатлар”, “дорихона”, “гўзаллик салони” каби ёзувлар ёки фирма белгисини ўрнатиш учун реклама паспортини олиш ва ҳар йили пул тўлаш тартиби бекор қилинди. Ташқи реклама объектларини бузишда кузатилган “ёввойи” хатти-ҳаракатларга чек қўйиш, бундай ишларни зарурат туғилганда маданий бир шаклда ташкил этиш бўйича ҳам талаблар белгиланди. Тошкент шаҳрининг дизайн-коди такроран жамоатчилик муҳокамасига чиқарилади.
Иссиқхона хўжаликлари учун солиқ имтиёзлари ва субсидиялар эълон қилинди. Помидор нархидаги кескин ўсиш фонида қабул қилинган президент қарорига биноан, иссиқхона хўжаликлари ҚҚС ва фойда солиғидан озод этилди, ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоизга туширилди, ер ва мулк солиқлари эса 50 фоизга камайтирилди. Октябрдан мартгача экологик талабларга жавоб берадиган иссиқхоналарнинг электр харажатлари 50 фоизи қоплаб берилади. Тошкент вилоятида томорқасида иссиқхонага эга аҳолига субсидия ажратилади. Сурхондарёга кўчирилиши кўзда тутилган пойтахт атрофидаги иссиқхоналарга “яшил” мақомга ўтган ҳолда ишлашига рухсат берилмоқда.
Фермерга таҳдид қилган ҳоким ҳайфсан олди. Бу “классик жанр”даги ҳикояларнинг навбатдаги намунаси Пискент туманига тўғри келди. Kun.uz'га келиб тушган аудиодан маълум бўлишича, туман ҳокими Музаффар Арипов фермерларга босим ўтказган, улардан бирига “ери тугул, жонини суғуриб олиши”ни айтган. Бу ҳолат ошкор бўлгач, вилоят раҳбари Зойир Мирзаев Пискент ҳокимига ҳайфсан интизомий жазосини қўллади. Фермерлар кенгаши фермернинг манфаатида прокуратурага мурожаат қилган, идора ҳозирча ҳолатга муносабат билдирмади. Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлик фаолияти эркинлиги қонун билан кафолатланган, ҳокимлар фермерларнинг ишига аралашишга ҳақли эмас.