Давлат харидлари, автомобиллар ва хизмат сафарлари учун харажатлар, депутат ва сенаторлар қарор ва қонунларга қандай овоз берганидан тортиб, ов қилиш рухсатномасини олишгача бўлган маълумотлар шулар жумласидан.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов фармондаги муҳим жиҳатлар юзасидан Kun.uz'га маълумот берди.

– Давлат ташкилотларининг веб-сайтларига жойлаштирилиши керак бўлган маълумотлардан биринчиси – давлат харидлари билан боғлиқ маълумотлар. Энди нафақат давлат харидларини амалга оширгандан кейин, балки хариддан 6 ой аввал харид қилиниши режалаштириладиган товарлар, хизматларни эълон қилиб бориш талаб этилади.

Нима учун 6 ой? Биз таҳлилларимизда кўрдикки, давлат ташкилотлари эълон қилган тендерларда соғлом рақобат бузилган. Масалан, Ўзбекистонда бўлмаган бирор товарга 20 кун ичида олиб келиб бўлмаслигини билган ҳолда буюртма беришдан аввал таниш фирма орқали ўша товарни олиб келтириш ва тендерни эълон қилиш ҳолатлари кузатилган. Бу ерда қонунчилик бузилиб, коррупцион схемалар ишлаган. Шунинг учун ҳам белгиланяптики, давлат ташкилотлари харид қилинадиган товарлар ва хизматларни 6 ой аввал эълон қилиши керак.

Давлат унитар корхоналарида жуда ҳам кўплаб хизмат автомобиллари олинган ва бу автомобиллар оилавий ёки бошқа ишларга ишлатилади. Буни ҳам тартибга солиш учун давлат улуши бўлган корхоналар, давлат ташкилотлари тасарруфидаги автотранспортлар, уларнинг ойлик харажатлари, шунингдек, бошқа мулклари, улар ижарага берилса, шу ижара тўғрисидаги маълумотларни ҳам очиқ эълон қилиб бориш мажбурияти юкланяпти.

Бундан ташқари, яна бир коррупция белгиларидан бири – хориждан меҳмонлар келганда, уларга сарфланадиган харажатлар. Баъзида ўта нореал ёки белгиланганидан ортиқча харажатларни ҳам учратиш мумкин. Эндиликда барча давлат идораларига буларни ҳам очиқлаш мажбурияти юкланяпти. Булар, албатта, мансабдор шахсларнинг жамоатчилик олдида масъулиятини оширишга қаратилган муҳим қадам.

Шу пайтгача бюджетдан ташқари маблағлар давлат харидлари портали орқали амалга оширилар эди. Энди эса бу маълумотларнинг ҳам очиқланиши лозимлиги кўрсатиляпти.

Шунингдек, маҳаллий бюджетларнинг бюджетдан орттирилган қисми харажатларини ҳам очиқланиши белгиланди.