Боғчаларда ойликлар мактабларники билан тенглаштирилади

2023 йилда боғча ходимларининг маоши оширилади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг расман маълум қилишича, йил охиригача боғчаларда ишлаётган педагогларнинг маошлари мактаб ўқитувчиларининг маошларига тенглаштирилади. Боғчалар директорлари ҳам мактаблар директорлари билан тенг маош оладиган бўлади.

Бундан ташқари, тарбиячининг ёрдамчиси лавозимида ишловчиларнинг ойлиги 70 фоизга кўтарилади, ошхона ва бухгалтерия ходимларига эса 100 фоиз устама тўланади.

Қизиқ янгиликлардан яна бири – боғчаларда биометрик идентификация пайдо бўлади. Яъни бармоқ изи ёки Face-ID орқали ходимлар ва болаларнинг давомати юритилади. Бу биринчи навбатда боғчаларда аслида ишламайдиган, лекин ҳужжатларда номига ойлик ёзиладиган ходимларга қарши курашиш учун керак. Хабарингиз бўлса, бунақа коррупциявий ҳолатлар давлат боғчаларида жуда кенг ёйилган. Бир неча йил олдин мактабгача таълимдаги ноқонуний харажатларнинг салкам 30 фоизи ана шу “ўлик жонлар” ҳисобига тўғри келарди.

Ўғриликни камайтиришга ҳаракат қилиш билан бирга, бунинг сабабларидан бири бўлмиш ойликлар ҳам оширилаётгани ижобий ҳолат. Лекин умумий олиб қараганда, таълим соҳаси ҳалигача ойликлар энг паст соҳалар қаторида қоляпти. Расмий статистикага кўра, 2022 йилда таълим соҳасидаги ўртача ойлик 2 млн 700 минг сўм бўлган. Тиббиётда эса 2 млн 600 минг сўм. Бу – фаолият турлари кесимидаги энг ёмон кўрсаткичлар. Педагоглар ва шифокорларнинг ўртача ойлиги ҳатто республика бўйича ўртача ойлик – 3 млн 900 минг сўмга ҳам етмайди. Таққослаш учун, ўтган йили савдо соҳаси вакилларининг ўртача ойлиги 3 млн 900 минг сўм, қурилиш соҳаси ходимларида 4 млн 700 минг сўм, саноат корхоналарида ишловчиларда 4 млн 900 минг сўм бўлган.