Истеъмолга яроқсиз, келиб чиқиши номаълум, ҳатто ҳаром ўлган мол гўштини 3-4 сўм пул бўлади дея пойтахтга келтириб сотишни ўйлайдиганлар кўпайди. Қонунчиликда бундай қилмиш учун оғирроқ жазо белгиланмагани эса айрим шоввозлар бу тубанликни касб қилиб олишига сабаб бўляпти. Албатта, “таклиф”нинг ортиши “талаб” борлигидан далолат: Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига кўра, бундай гўштларнинг асосий харидори умумий овқатланиш шохобчалари ҳамда “колбаса цех”лари ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг “ошқозони”га айланган Тошкент

19 май куни Кўкдала туманида “Қарши-Самарқанд” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган фуқаро И.Х.нинг “Cobalt” машинасида 929 кг келиб чиқиши номаълум бўлган ҳайвон гўшти тўхтатиб қолинган. У ушбу гўштни пуллаш мақсадида Тошкент шаҳрига олиб кетаётгани аниқланган.

Агар қарийб 1 тонна истеъмолга яроқсиз ушбу гўшт тўхтатиб қолинмаганида, пойтахтгача етиб келган ва қайсидир ошхонада овқат бўлиб, хўрандалар томонидан ейилиб кетган бўларди.

Афсуски, бу келиб чиқиши номаълум гўшт сотиш мақсадида Тошкент шаҳрига олиб келинаётиб, йўлда ушлаб қолинган илк ҳолат эмас. Пойтахтга бундай гўшт ташишда Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари “етакчилик” қилади.

Биргина 2022 йилда “Қашқадарё-Тошкент” йўналишидаги ҳолатлар: январ ойида 230 кг, март ойида 900 кг ва яна бир ҳолатда 1256 кг, апрел ойида