Коронавирус сабабли фавқулодда ҳолат – қачон, қаерда, қандай?
COVID-19 коронавируси тарқалиши пандемия кўринишини олиши натижасида дунёнинг қатор мамлакатларида фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилмоқда.
Фавқулодда ҳолат нимани англатади, шу кунгача нечта давлатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди? Фавқулодда ҳолат қайси мамлакатда қандай тартибда жорий этилди? Қуйида шу саволларга жавоб топамиз.
Тарихда жорий этилган фавқулодда ҳолатлар
Тарихда фавқулодда ҳолат жорий этилишига мисоллар жуда кўп. Уларнинг сабаблари ҳам турлича – уруш ёки инқилобдан тортиб ўрмон ёнғинлари ёки чигирткалар босқинигача. Айрим давлатларда фавқулодда ҳолат ўнлаб йиллар давом этган.
1933 йил 23 мартдан 1945 йил майгача — «Рейхстагга ўт қўйилгани»дан сўнг Германия президенти Гинденбург томонидан киритилган. Фавқулодда ҳолат Гитлер томонидан номаълум муддатгача узайтирилган ва Учинчи рейх тугагунига қадар давом этган.
1950 йил 16 декабрдан 1978 йил 14 сентябргача — Корея уруши даврида АҚШ президенти Трумэн томонидан жорий этилган. Уруш тугаганидан кейин ҳам фавқулодда ҳолат бекор қилинмагани маълум бўлгач, АҚШ Конгресси томонидан бекор қилинган.
1981 йилдан 2011 йил февралгача (30 йилга яқин) — Ҳусни Муборак президентлик лавозимини эгаллаши билан Мисрда фавқулодда ҳолат тартибида яшаган.
1963 йилдан 2011 йил апрелгача (48 йил!) Сурияда Араб социалистик уйғониш партияси томонидан жорий этилган фавқулодда ҳолат тартиби амал қилган.
1993 йил 3 октябрдан 4 октябргача Борис Ельцин Москвада фавқулодда ҳолат эълон қилган.
2001 йил 14 сентябрь — АҚШда 11 сентябрь терактларидан кейин киритилган, бир неча марта узайтирилган, охирги марта 2017 йил сентябрда узайтирилган.
2010 йил апрель — Қирғизистонда.
2014 йил 24 январда — Евромайдондаги воқеалар сабабли Қрим автоном республикаси олий кенгаши (Украина таркибида) фавқулодда ҳолат жорий этиш таклифи билан чиққан.
2015 йил 14 ноябрда — Францияда содир этилган террорчилик ҳужуми сабабли.
2016 йил 20 июлда — Туркияда ҳарбий тўнтаришга уриниш муносабати билан уч ойга фавқулодда ҳолат жорий этилган ва кейин бир неча марта узайтирилган.
Коронавирус сабабли қайси давлатларда фавқулодда ҳолат жорий этилди?
Эпидемия – фавқулодда ҳолат жорий этилишига энг кенг тарқалган сабаблардан бири. Масалан, яқинда, 2019 йил июлда Эбола безгаги эпидемияси сабабли фавқулодда ҳолат жорий қилинганди. Ўшанда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Эбола вируси Ғарбий Африканинг атиги учта давлатида (Сьерра-Леоне, Либерия ва Гвинея) тарқалишига қарамасдан бутун дунёда фавқулодда ҳолат эълон қилганди. Африка қитъасидан ташқарида фақат 5 киши бу касалликни юқтирган, улардан биттаси АҚШда вафот этганди.
ЖССТ коронавирус билан боғлиқ вазият боис фавқулодда ҳолат эълон қилгани мантиқан жуда тўғри. Бунинг устига, ташкилот буни эпидемия бошланганида – 2020 йил 30 январда, Covid-2019 фақат Хитойда авж олган, аммо 17 мамлакатда дастлабки беморлар аниқланган пайтда эълон қилганди.
Шу билан бирга, дунёнинг аксарият мамлакатлари (Хитойдан ташқари) фавқулодда ҳолат жорий этишга шошилмади. Экспертларнинг фикрича, бу хато бўлди. Агар ўз вақтида қатъий чоралар кўрилганда, балки коронавирус пандемияси бунчалик кенг миқёсда ва ҳалокатли бўлмасмиди...
Бугунга келиб Италия, Испания, Словакия, Чехия, Исландия, Эстония, Латвия, Руминия, Сербия, Босния ва Ҳерцеговина, Венгрия, Болгария, Швейцария, Португалия, Грузия, Қозоғистон, Молдова, АҚШ, Канаданинг айрим штатлари ва Япониянинг айрим провинцияларида фавқулодда ҳолат эълон қилинган. 22 март куни Франция парламенти мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиш учун овоз берди.
Украина ҳукумати ҳозирда фавқулодда ҳолат жорий қилиш ёки жорий қилмаслик масаласини кўриб чиқмоқда. Айни пайтда Украинанинг айрим ҳудудларида фавқулодда вазият режими амал қилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Черновци, Житомир, Ивано-Франковск, Днепропетровск, Харьков, Донецк, Тернополь, Черкасс ва Киев областларида фавқулодда вазият жорий этилган.
Шу ўринда фавқулодда вазият билан фавқулодда ҳолат ўртасида қандай фарқ борлигини тушунтириб ўтсак.
Фавқулодда вазият — одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиги ёки табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат.
Фавқулодда ҳолат — давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, корхоналарнинг, муассасаларнинг ва ташкилотларнинг алоҳида иш режими. Бунда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқларига махсус қонун билан белгиланган чеклашларга йўл қўйилади, шунингдек, уларга қўшимча мажбуриятлар юкланиши мумкин.
Фавқулодда ҳолат, одатда, вақтинчалик тадбир бўлиб, реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, ички қуролли можаролар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб жорий этилади.
Фавқулодда ҳолат - қаерда қандай?
Италия
Италия Европада биринчи бўлиб – 30 январда фавқулодда ҳолат жорий этди. Бу ерда кескин чоралар кўрилди. Масалан, оддий фуқаролар кўчага рухсатнома билангина ва фақат дорихона ёки озиқ-овқат сотиб олиш учун чиқиши мумкин. Қоидабузарларни катта жарима ва ҳатто қамоқ кутади. Шу билан бирга, деярли барча саноат корхоналари ишламоқда, офис ходимлари эса масофадан. Шаҳар транспорти ҳаракати камайган.
Испания
Испанияда фавқулодда ҳолат 16 мартда 15 кун муддатга киритилди (аммо у узайтирилади дейишмоқда). Ҳукумат бутун ҳокимиятни ўз қўлига олган. Ҳатто маҳаллий полиция ҳам ички ишлар вазирига бўйсундирилди. Фуқаролар ишга, дўкон ёки дорихона, тиббиёт маркази ва банкларга бориш учунгина кўчага чиқиши мумкин. Озиқ-овқат дўконларидан бошқа дўконлар, ресторан, бар, меҳмонхона, кўнгилочар ва спорт муассасалари, мактаб ва университетлар ёпилган.
АҚШ
Президент Дональд Трамп дастлаб коронавирусга унчалик эътибор бермади ва ҳатто уни «қисқа муддатли муаммо» деб атади. Аммо ўзининг бошига ҳам хавф сола бошлагач, фикрини ўзгартирди. Гап шундаки, Трамп март ойи бошида Бразилия президенти Жаир Болсонару билан учрашди. Орадан бир ҳафта ўтгач, Бразилия раҳбари короновирусга чалингани тўғрисида хабар тарқалди. Кейинроқ хабар ёлғонлиги маълум бўлди. Аммо президентлар учрашганида уларнинг ёнида бўлган Болсонарунинг матбуот котиби Фабио Вайнгартенда Covid-2019 борлиги аниқланди. Шундан сўнг Трамп таҳлил топширди, эртасига эса АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди ҳамда бу балога қарши курашиш учун 50 млрд доллар ажратилганини айтди.
Ҳозирда бу ерда 200дан ортиқ ишчи ишлайдиган деярли барча корхоналар фаолияти тўхтатилган.
Америкаликлардан уйда ўтиришни сўрашмоқда ва фақат учта сабаб билан – озиқ-овқат дўконига, дорихона ёки касалхонага бориш учунгина кўчага чиқиш мумкинлиги айтилмоқда. Полиция ҳатто шахсий транспортни ҳам кузатмоқда – салонда фақат ҳайдовчи бўлиши керак. Кимнидир касалхонага олиб кетаётган бўлса – у ҳол мустасно.
11 март куни Венгрияда ҳам фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ерда барча оммавий ва тантанали тадбирлар бекор қилинди.
Ҳозирда Эстонияда ҳам фавқулодда ҳолат режими амал қилмоқда. Мамлакатга хориж фуқароларининг кириши тақиқланган. Барча оммавий тадбирлар, мактаб, олийгоҳ, кинотеатр, музей, театр, спорт заллари фаолияти тўхтатилган. Савдо марказларининг ишлаши чекланган.
Пандемия сабабли Чехия, Болгария, Словакия, Сербияда ҳам ана шундай вазият. Бу давлатлар хориж фуқаролари учун ўз чегараларини ёпган.
Чехия пойтахти Прага шаҳрида умумий овқатланиш муассасалари ҳам ёпилган. Уларнинг аксарияти фақат етказиб бериш хизмати билан ишламоқда.
15 март куни Сербия президенти Александр Вучич мамлакатда фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди. У ҳимоя чоралари биринчи навбатда кексаларга қаратилишини таъкидлади. Боғчалар, мактаблар, университетлар ёпилди. Давлатга шунингдек, хориж фуқаролари, хусусан, Италия, Эрон, Хитой, Жанубий Корея, Швейцария фуқаролари кириши тақиқланди.
16 мартдан Словакияда фавқулодда ҳолат жорий этилди. Озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналардан ташқари барча савдо нуқталари фаолияти тўхтатилди. Мамлакатда банклар ва почта бўлимларига ишлашга рухсат берилди.
Руминияда 30 кунга фавқулодда ҳолат жорий этилди. Мамлакатда ўқув жараёни масофадан давом этади, асосий маҳсулотлар ва энергия ресурсларининг қатъий нархлари белгиланади. Давлат органларига мурожаатлар фақат электрон шаклда қабул қилинади, тиббиёт муассасаларига ходимлар ишга танловсиз қабул қилинади.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев коронавирус сабабли 16 мартдан 15 апрелгача мамлакат ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилган. Қозоғистон президенти ҳузуридаги фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш бўйича давлат комиссияси Нур-Султон ва Олмаота шаҳарларида 19 мартдан карантин режимини жорий этди. Унга кўра, кенг миқёсдаги санитар-эпидемиологик тадбирлар ўтказилиши, карантин ҳудуди ўрнатилиши ва ундан чиқиш/кириш пунктлари белгиланиши, одамларнинг ҳаракатланишини чеклаш кўзда тутилган.
Арманистонда коронавирусга қарши курашиш учун 16 мартдан 14 апрелгача фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Мамлакат бош вазири ўринбосари, фавқулодда ҳолат вақтида республика коменданти бўлиб турган Тигран Авиняннинг буйруғига кўра, мамлакатда стратегик аҳамиятга эга бўлмаган барча ташкилот ва корхоналарнинг фаолияти 31 мартга қадар тўхтатилади. Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиена воситалари, дори-дармонлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, мудофаа маҳсулотлари, энергетика ишлаб чиқариш ва сотиш каби 56та фаолият йўналишига ишлашга рухсат берилмоқда. Шунингдек, ер, ҳаво ва қувур транспорти, молия, суғурта, телевизион, телекоммуникация ташкилотлари фаолияти ҳам давом этади.
Қирғизистон президентининг фармонига кўра, Бишкек, Ўш ва Жалолобод шаҳарлари ҳамда Ўш ва Жалолобод областларининг учта районида 25 март эрталаб соат 8дан фавқулодда ҳолат жорий этилади ва 15 апрелгача давом этади.
Ўзбекистонда қандай ҳолат?
Ўзбекистонда вирусдан зарарланишнинг илк ҳолати 15 март куни қайд этилди, 11 март тонгида Париждан учиб келган аёлга коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.
16 мартдан бошлаб халқаро йўналишлар бўйича қатновлар бекор қилинди.
21 мартдан эътиборан барча ҳудудларда фаолият юритаётган мавжуд кўнгилочар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, спа ва массаж салонлар, чойхона, ошхона (уйга элтиб бериш хизмати бундан мустасно) караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти турлари коронавирус касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар тўхтатилди.
Аҳолининг кундалик эҳтиёжи инобатга олинган ҳолда деҳқон бозорлари, супермаркетлар, озиқ-овқат дўконлари, шифохоналар, поликлиникалар, аптекалар, турли таомларни етказиб бериш хизматлари фаолияти тўхтатилмайди. Улар аввалги тартибда ишлашни давом эттиради.
22 мартдан Тошкентда жамоат транспорти ҳаракати вақтинча тўхтатилди.
23 март кунидан эътиборан бутун мамлакат бўйлаб тиббий ниқобсиз ҳаракатланиш тақиқланди. 25 мартдан тартибни бузганлик учун жарима қўлланади.
Ҳукумат махсус комиссияси қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрига республиканинг барча ҳудудларидан кириш ва Тошкент шаҳридан республиканинг барча ҳудудларига чиқишни ҳар қандай транспорт воситаларида 24 март куни соат 00:01дан бошлаб тўхтатиш бўйича қарор қабул қилинди.
24 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча буюм, қурилиш материаллари, автомобиль сотуви, маиший-техника, иккиламчи буюмлар бозорлари ва мулкчиликдан қатъи назар барча савдо комплекслари фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилади.
24 мартдан бошлаб Uzbekistan Airways авиакомпанияси республика ичидаги барча авиақатновлар номаълум муддатга бекор қилди.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви номаълум муддатга кечиктирилди.
Қатор вилоятларда ҳам жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилмоқда.
65 ёшдан ошганларга заруратсиз кўчага чиқмаслик тавсия этилди.
Мавзуга оид
22:48 / 18.09.2024
Британияда капалаклар камайиб кетаётгани туфайли «фавқулодда ҳолат» эълон қилинди
11:10 / 16.08.2024
Белгород вилоятида федерал даражадаги фавқулодда ҳолат режими жорий этилмоқда
12:14 / 14.08.2024
Белгород вилоятида минтақавий даражадаги фавқулодда ҳолат режими жорий этилди
23:18 / 09.04.2024