“Ўзи рози бўлган”га чиқарилган норасидалар

Ўтган ҳафта охирида маълум бўлиб, бошқа нохуш хабарларга уланиб кетган Хоразмдаги педофил-амалдорларнинг жинояти қайта кўриб чиқиладиган бўлди. Вилоят прокуратурасининг Олий судга киритган протести қаноатлантирилди. Унга асосан, енгил жазо билан қутулган икки собиқ амалдор Хоразм вилояти судида бошқатдан суд қилинади.

“Сукут сақлама” лойиҳаси ошкор қилган маълумотларга кўра, Хоразм вилояти адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов Урганчдаги оилавий меҳрибонлик уйининг 15-17 ёшли тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келган. Хива туман суди уларга атиги 1,5 йиллик озодликни чеклаш жазосини тайинлагани – жамоатчиликни жунбишга келтирди, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар шаънига катта доғ бўлиб тушди.

Меҳрибонлик уйи мудираси Юлдуз Худойберганова эса ўз васийлигидаги болаларга шафқатсизларча руҳий ва жисмоний зўрлик ишлатиб, уларни 2022 йил февралгача, 10 ой давомида турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган. Бунинг учун у 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Икки амалдорга берилган жазодан фарқли равишда, Бош прокуратура мудирага берилган жазони адолатли деб ҳисоблаяпти.

Мухбиримиз Урганчга бориб олиб борган суриштирувларидан маълум бўлишича, аёл вояга етмаган қизларга маст қилувчи ичимликлар ичириб, уларни тунги клубда мижоз топишга ҳам мажбурлаган. Бундан ташқари, аввалбошдан бу аёлга болаларнинг васийликка берилиши ҳам ноқонуний бўлган бўлиши мумкин. Меҳрибонлик уйлари ёпилиб, болалар оилавий меҳрибонлик уйларига тарқатилгач, қизлар ҳамма болалар қатори оддий мактабга бора бошлаган ва ана шу мактаб директорининг саъй-ҳаракатлари билан жиноят фош бўлишига олиб келган.