Ўтган ойларда, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммолар борасида Kun.uz'да бир нечта суриштирув эълон қилинган эди.
Суриштирувларда Кореяга ишга кетишдаги “ўйинлар”, тил имтиҳонлари жараёнида юз бераётган шубҳали ҳаракатлар, “ўринга кириш” ҳолатлари, кенг оммага эълон қилинмасдан ўтказилган имтиҳонлар, давлатлараро шартномаларда кўзда тутилмаган тўловлар ҳақида гапирилди, саволлар кўтарилди, Миграция агентлиги фаолиятидан норози бўлганларга микрофон тутилди.
Ҳаттоки, Кореяга миграцияга юбориш масаласини ҳал қилувчи ўртакаш билан телефон орқали мулоқот ташкил этилди: у “100 фоизлик натижа” усуллари ва унинг баҳоси ҳақида очиқ айтиб берди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эса тизимдаги яққол кўриниб турган бу муаммоларни ҳал қилишга интилиш ўрнига, Kun.uz сайти устидан Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига шикоят киритди.
Агентлик ўз шикоятида сайтни “аниқ далилларга эга бўлмаган” материалларни эълон қилишда айблаган.
“Нашрда эълон қилинган ҳар бир материал бўйича агентлик ахборот хизмати томонидан асослантирилган баёнотлар берилгани, материаллар муаллифи ва агентлик раҳбарияти ўртасида учрашув ташкил этилгани, Корея Республикасига ишга кетиш учун бўлиб ўтаётган тест жараёнлари билан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилганига қарамасдан, агентлик ва агентлик ходимларини обрўсизлантириш мақсадида фақат тахмин ва миш-мишларга асосланган материалларнинг эълон қилиниши давом эттирилмоқда”, – дейилади бир нусхаси агентлик томонидан таҳририятга тақдим этилган арзномада.
Таъкидлаш керак, Kun.uz'да эълон қилинган, Жанубий Кореяга ишга кетишдаги муаммолар ва “ўйинлар” борасидаги серияли материалларнинг бирортаси миш-миш ёки тахминга асосланмаган.
Масалан, 2023 йил 24 март куни эълон қилинган материалда Жанубий Кореяда меҳнат қилиш имкониятини берувчи имтиҳон кунлари кеч эълон қилаётгани, 2022 йилда 4 та имтиҳон ўтказилган бўлиб, уларнинг иккитаси оммага эълон қилинмай ўтказиб юборилгани ҳақида гап боради. Мақолаларда айтилган фикрларга тегишли тартибда асослар келтирилган. Агентлик ҳолатни изоҳлай олмади.









