Кутилмаганда Фарғона шаҳридаги маҳаллани пиёда кезган президент йўллардаги носозликлар сабаб Автойўллар қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиевни койиди. Шу ўринда савол туғилади: ҳудудлардаги аянчли йўллар қачон ўнгланади? Йўлсозликдаги муаммолар кўтарилиши учун бирор ҳудудга президент бориши шартми?

«Янгиариқдан келдим, у йўл йўл эмас», деганди давлат раҳбари декабр ойида Хоразмга ташрифи чоғида.

Дарҳақиқат, юзлаб ЙТҲлар айнан йўлларнинг носозлиги оқибатида рўй беряпти.

Mаълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда жами 184 174 км автомобил йўллари бор. Шундан 42,8 минг километри умумий фойдаланишдаги, 116,5 минг километри ички хўжалик йўллари ва 24,7 минг километри идоравий йўлларни ташкил этади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда ғалати парадокс шаклланди. Автомобил йўллари ва ички йўллар ёзми-қишми, ёмғирми-қорми фарқи йўқ – давлат раҳбарининг ташрифи арафасида таъмирланмоқда. Буни жамоатчилик кўриб-билиб турибди. Фақатгина кортеж ўтадиган йўллар, мартабали меҳмон борадиган маҳаллалар, ички кўчаларда яп-янги асфалтларни кўрасиз (уларнинг аксарияти кўп ўтмай бузилиб, ўйдим-чуқур бўлиб кетиши ҳам сир эмас), қолган жойлар эски ҳаммом, эски тос.

Президентнинг ўзи ҳам бундай кўзбўямачиликдан хабардор эканини яширмади ва Фарғонага ташрифи чоғида дастурга киритилмаган маҳаллага боришни ихтиёр этди