Якунланган йил Ўзбекистон ҳаётида нималар билан ёдда қолди? Сиёсий тадбирлар, энергетикани ўнглаш ҳаракатлари, узоқ кутилган ўзгаришлар ва ечимини кутаётган муаммолар – Kun.uz'нинг йил дайжестида.

Энергетика

Ўзбекистонда 2023 йил қандай бошланганини эслаганда кўпчиликнинг хаёлига биринчи бўлиб аномал совуқ келади. Йилнинг илк ҳафталаридаги қаҳратон об-ҳаво сурункали тус олиб, ёғган қор уч ҳафтагача эримай тургани билан ноодатий бўлди. Тошкентда ҳаво ҳарорати –20 даражагача тушиб, шаҳар аҳолиси охирги 50 йилдаги энг совуқ январни бошдан кечирди. Бу эса қатор мавзеларда соатлаб эмас, бир неча кунлаб свет ўчиши ва одамларнинг кўчада гулхан ёқиб исинишигача олиб келган бемисл энергия инқирозини келтириб чиқарди.

Гап шундаки, газ босими кескин пасайиб кетгач, ҳамма ёппасига электр жиҳозларидан фойдаланишга ўтди. Энергетиклар бундай вақтларда аввал бўлганидек бошқа ҳудудларни тармоқдан узиш ҳисобига бўлса ҳам Тошкентга кўпроқ электр энергияси етказиб беришга тайёр эди, лекин шаҳардаги тармоқлар бу даражада катта юкламани кўтара олмаслиги тезда аён бўлиб, серияли авариялар бошланиб кетди. Сон-саноқсиз қурилишлар тармоққа юкламани ҳисобга олмай қилинганининг оқибатлари ўзини бор бўйи билан кўрсатди. Ва бу воқеалар охир-оқибат Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг пойтахт ҳокими лавозимидаги фаолиятига нуқта қўйди. “Қуруқ гап билан, ёлғон “сводка” билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат бу даражадаги инқирознинг бошқа такрорланишига йўл қўймаслик учун йил давомида бюджетдан 14 трлн сўм ёки миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаб, электр ва газ инфратузилмасини модернизация қилиш, оддийроқ айтганда эпақага келтиришга ҳаракат қилди. Бошқа томондан, инвесторлар маблағлари ҳисобидан ўнга яқин янги электр қувватлари ишга туширилди