Ўзбошимча қурилган иморатларга ялпи “амнистия”

Ўзбекистонда кадастри йўқ ёки ҳужжатида камчилиги бор уй-жойлар сони 3 миллион 600 мингдан ошади. 5 август куни президент бундай уй-жойларни қонунийлаштиришга рухсат берувчи қонунни имзолади. Унга кўра, 8 та гуруҳга кирувчи кўчмас мулклар, хусусан 2018 йил 1 майгача якка тартибдаги уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгалланган ерлар ва улардаги бино-иншоотларга кадастр ҳужжати берилади.

Фуқаролар бу имкониятдан фойдаланиш учун ҳозирча ҳеч нарса қилиши шарт эмас. Улар жараённинг боришидан хабардор бўлиб туришлари кифоя. Биринчи босқичда, тегишли давлат идоралари сунъий йўлдошдан олинган суратлар ва бошқа манбалар орқали ҳужжатсиз уй-жойларни рўйхатга олиб, ҳамма маълумотларни электрон тизимга солиши керак. Кейинчалик ижобий хулоса берилган фуқароларга хабарнома юборилади. Ана шу хабарнома асосида тўлов қилган мулкдорларга кадастр ҳужжати расмийлаштириб берилади.

Тўлов миқдори кўчмас мулкнинг жойлашувига қараб базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 5 бараваригача деб белгиланди. Яъни, бу миқдор қишлоқларда 340 минг сўм, энг юқори тўлов белгиланган Тошкент шаҳрида эса 1,7 млн сўмни ташкил этади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга чегирмалар берилади. 3 ойдан кейин кучга кирадиган қонун 2028 йил 1 январгача амал қилади.

Рақобатни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди

Рақобат қўмитаси раиси Халиллулло Тўрахўжаев бу лавозимда иш бошлаганидан бир ярим ой ўтиб, давлат раҳбарига рақобатни ривожлантириш концепциясини тақдим этди. У рақобатни чекловчи, индивидуал хусусиятга эга эксклюзив ҳуқуқлар, имтиёзлар, преференция ва енгилликларни бекор қилишни таклиф этмоқда. Бу нуқтайи назарга кўра, давлат ҳеч қайси компанияга эксклюзив имтиёзлар бермаслиги, аввал берганларини бекор қилиши, имтиёзлар берилган тақдирда ҳам, бу ўша соҳадаги ҳамма тадбиркорларга бирдек тааллуқли бўлиши керак.

Бу йўналишда қўмитанинг аввалги таклифларидан бири ҳозирча амалга ошгани йўқ. Монополияга қарши орган 2023 йил 1 октябрдан эътиборан эксклюзив ҳуқуқлар берилган компаниялар реестрини юрита бошлаган. Лекин бу реестр ёпиқ. Рақобат қўмитаси январ ойида Kun.uz'га берган