Ўзбекистон | 10:00 / 29.01.2023
50653
14 дақиқада ўқилади

РФдан газ импорти, бензин дефицити ва кейинги қишга режалар — ҳафта дайжести

Ўзбекистон Россиядан газ оладиган бўлди: бу нега хавотирли? Метан-шохобчалардаги навбатлар АЁҚШларга кўчди: бензин импортидаги монополия одамларни қийнашига давлат қачонгача қараб тураверади? UzAuto нарх оширишни бошлади: компания ҳаво илишини кутаётганмиди? Якунланаётган ҳафтанинг асосий воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Ўзбекистон 1 мартдан бошлаб Россиядан газ импортини йўлга қўйиши мумкин. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Газпром” раиси Алексей Миллер 24 январ куни тегишли йўл харитасини имзолади.

Унга кўра, феврал ойи охиригача Ўзбекистон ва Россия газ етказиб беришнинг техник ва молиявий томонларини муҳокама қилади. Агар келишувга эришилса, тегишли шартнома тузилади ва 1 мартдан бошлаб “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали реверсив тартибда газ узатиш бошланади.

Газ билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар қатори, бу ҳужжатни ҳам ҳар иккала томон сир сақлаяпти. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги йўл харитаси ҳақида расмий маълумот беришни нақ бир суткага чўзиб, бутун жамоатчиликни жиддий хавотирга қўйди. Кейинроқ маълум бўлишича, ҳужжатда мамлакатнинг газ-транспорт тизимини “Газпром”га бериш ҳақида банд йўқ. Ўзбекистон ўзининг газ тармоқларига эгалик ва бошқарув ҳуқуқини тўлиқ ўзида сақлаб қолади.

“Бу – Россиядан табиий газни импорт қилиш бўйича чора-тадбирларни кўзда тутувчи йўл харитаси. Яъни техник шартларни ўрганамиз, кейин техник имкониятлардан келиб чиқиб, тижорий нархлар бўйича келишсак, Россиядан газ импорт қилиш кўзда тутилади”, – дея изоҳ берди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Ҳукуматга нисбатан ишончсизлик ва жиддий танқидларнинг келиб чиқишига бу сафар ҳам ҳукуматнинг ўзи сабабчи бўлди. Ўзбекистон томонининг бу борадаги расмий баёноти негадир “Газпром”нинг баёнотидан бир сутка ўтиб эълон қилинди. Бу вақт ичида кенг жамоатчиликда жиддий хавотирга тушиш учун ҳамма асослар бор эди. Москва энергетик мустақиллигимизга кўз олайтираётгани очиқ-ойдин кўриниб турганди. Устига-устак, энергетикамизнинг ҳозирги кундаги инқирозли ҳолатида, миллионлаб аҳолимиз совуқда газсиз, чироқсиз ўтиришида айнан Россия билан 2005 йилда тузилган, миллий манфаатларга зид газ шартномаларининг ҳам алоҳида ўрни бор.

Ўтган ҳафта Қозоғистон ва “Газпром” ўртасида ҳам газ масаласидаги ҳамкорлик бўйича йўл харитаси тузилди. Шу тариқа, Путиннинг уч томонлама газ иттифоқи ғоясига Тошкент ҳам, Остона ҳам рози бўлмади. Лекин хурсанд бўлишга ҳали эрта. Россия ўз газини қанақа нархда сотиши номаълум. Биздаги энергия инқирози нарх борасидаги музокараларда уларнинг фойдасига ишлайди. Қолаверса, газ масаласида Россияга боғлиқликнинг пайдо бўлиши асло қувонарли ҳолат эмас. Бунда, миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан, рус газининг ички истеъмолимиздаги улуши сезиларли даражада ортиб кетишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Ўзбекистон учун бундай жиддий хатонинг оқибатлари Европа кўрган оқибатлардан ҳам жиддийроқ бўлиши шубҳасиз.

Россия Қозоғистон ва Ўзбекистонга газ сотишга айнан ҳозир қизиқиб қолгани бежиз эмас. Украина урушидан кейин Европа Россия энергоресурсларидан воз кечяпти. “Газпром” аввал “Союз” қувури орқали, Украина ҳудудидан Европа Иттифоқига етказиб берган газини энди Марказий Осиёга йўналтирмоқчи. Россия сайтлари биринчи босқичда йилига 6-7 млрд кубометр газ етказилиши мумкинлигини ёзишяпти.

Қатор таҳлилчиларга кўра, Марказий Осиёга газ узатишдан яна бир мақсад ҳам бор – Марказий Осиё газ тармоқларидан транзит сифатида фойдаланган ҳолда, Хитойга газ сотишни кўпайтириш. Келгусида Ҳиндистонга қувур орқали рус гази етиб бориши мумкинлиги ҳақида ҳам тахминлар йўқ эмас. Маълумот учун, 2015 йилда Туркманистоннинг Галқиниш конидан Афғонистон ва Покистон орқали Ҳиндистонга 1735 километрлик газ қувури қурилиши бошланган.

Кейинги қишга тайёргарлик

Газни сиёсий қуролга айлантирган Россияга газ борасида қарам бўлиб қолмаслик учун импорт диверсификация қилиниши керак. Бунда муқобил вариантлардан бири – Туркманистон. Ҳафта бошида маълум бўлишича, Туркманистон 21 январдан бошлаб Ўзбекистонга газ етказиб беришни босқичма-босқич тиклай бошлаган.

Таъминот 12 январда тўхтаб қолганди. Бунга қўшни мамлакатдаги энг йирик “Галқиниш” конида қаттиқ совуқ сабабли техник носозлик юзага келгани сабаб қилиб кўрсатилганди. 20 январда, Ўзбекистонга газ узатиш тикланишидан бир кун олдин президент Сердар Бердимуҳамедов шу конга боргани хабар қилинди.

Эслатиб ўтамиз, декабр ойида Ўзбекистон ва Туркманистон тарихда биринчи марта учинчи томоннинг иштирокисиз, фақат икки томонлама музокаралар орқали қисқа муддатли газ таъминоти бўйича келишувга эришган эди. Шу ҳафта маълум бўлишича, Ўзбекистон жанубий қўшнисидан нефт импортини ҳам йўлга қўйиши мумкин.

Бу борада “Ўзбекнефтгаз” Туркманистоннинг Petronas Çаrigali ширкати билан музокаралар бошлади. Малайзия компаниясига тегишли бу ширкат Каспий денгизининг Туркманистон шелфида нефт ва газ қазиб олиш билан шуғулланади. Ҳафта давомида “Ўзбекнефтгаз” арзон Аи-80 бензинини импорт қилиш бўйича келишувга эришгани ҳақида ҳам маълумот пайдо бўлди. Қайси мамлакатдан ва қанча миқдордаги ҳақида гап кетаётгани ҳозирча аниқ эмас.

Газ шохобчалари фаолиятига қўйилган чеклов сабабли улардаги навбатлар энди бензин шохобчаларига кўчган. Хусусий шохобчаларнинг аксариятида Аи-80 бензини йўқ. Борларида эса навбат километрларга чўзиляпти. Қўлда бензин сотиш ҳолатлари учраяпти. Шохобчаларда эса 80 бензинни 91 ёки 92 маркаси остида сотиш ҳолатлари аниқланяпти. Энергетика вазирлиги юздан ортиқ қоидабузар шохобчага биржадан бензин олишни бир кунга тақиқлаб қўйди.

Афсуски, ҳозирги ҳолат, минглаб одамларнинг соатлаб совуқда бензинга навбат кутиши ҳам бензин импортини очиб юбориш учун етарли сабаб бўлолмаяпти. Саноқли қўллар томонидан назорат қилинадиган ёпиқ импорт очилса, рақобатга йўл берилса, ўзбекистонликлар ҳам қўшни Қозоғистондаги каби сифатли маркадаги бензинни анча арзонга қуйиши мумкин бўларди.

Лекин ҳукумат бунақа қилмоқчи эмас. Вазирлар Маҳкамаси шу ҳафта кейинги қишга тайёргарлик бўйича ўз режаларини эълон қилди. Бу режалардан бензин импортини очиқ ва шаффоф ҳолатга келтириш ўрин олмаган.

Душанба куни бош вазир Абдулла Арипов ўтказган селекторда айтилишича, республика бўйлаб мавжуд 40 мингта кўп қаватли уйдан 31 мингтасининг фасадига иссиқлик изоляцияси учун базалт қоплаб чиқилади. Бунинг учун базалт ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш чоралари кўрилади. Кўп қаватли уйларнинг томига қуёш панеллари ўрнатиш ҳам режа қилиняпти.

Йиғилишда Абдулла Арипов бу йилга қишга тайёргарликдаги камчиликлардан тўғри хулоса чиқаришга ваъда берди. Ҳукумат раҳбари трансформаторларни янгилаш, янги тармоқлар тортиш, газ инфратузилмасини таъмирлаш ва бошқалар бўйича аниқ рақамлар белгилаб олинганини айтди. Ариповнинг сўзларига кўра, 2023 йилда газ қазиб олишни 9 фоизга ошириш мумкин. Лекин мумкин дейилган бу чора қилинадими-йўқми, аниқ бир нарса дейиш қийин. Чунки газ қазиб олиш йилдан йилга фақат камайиб боряпти.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, 2023 йилда чеккароқ ҳудудларда кўмирда ишловчи қўшфункцияли иссиқлик марказлари қурилиши кутиляпти: улар ҳам иссиқлик узатади, ҳам электр ишлаб чиқаради. Қуёш фотоэлектр станцияларини тезроқ қуриш учун лойиҳалар тендерсиз танланиши мумкин. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар ва иссиқхоналар кўмирга ўтказилади. Энергияни тежовчи ускуналарга ўтиш тезлаштирилиши ҳам айтиляпти.

Совуқ ортга чекинди

Ўзбекистонликлар ноодатий совуқ қишнинг кетма-кет учинчи ҳафтасини ўтказди. Уч ҳафта олдин ёғган қор масалан Тошкентда ҳалигача тўлиқ эригани йўқ. Ҳафта давомида пойтахтда электр ва газ узилишлари камроқ вақтга бўлса-да давом этди. Чироқ ўчган маҳаллаларда светофорлар ишламаслигига, маҳаллалар ва кўплаб йўлларнинг ёритилмаслигига ҳам кўника бошладик.

Ҳафта охирига келиб ҳаво ҳарорати ниҳоят илиди. Энергетика билан боғлиқ вазият ҳам юмшай бошлади. Тошкентда савдо марказлари, кўнгилочар мажмуалар ва истироҳат боғлари одатий иш режимига қайтяпти. Бир неча ҳафталар ичида илк марта телеминора чироқлари ёқилди. 27 январдан электр энергиясидан қарздорларни тармоқдан узиш бошланди. Афғонистон Ўзбекистондан электр энергияси етказиб бериш қайта тикланганини эълон қилди.

Душанба куни республика бўйича мактабларнинг 92 фоизида дарслар анъанавий шаклда, 700 дан ошиқ мактабда эса онлайн бошланган эди. Янги ҳафтадан деярли ҳамма мактаблар офлайнга қайтиши кутиляпти.

UzAuto Motors'да янги нархлар

Қаттиқ совуқнинг чекинишини айниқса UzAuto Motors ўзгача интиқлик билан кутган бўлса ажаб эмас. Ҳаво илий бошлаши билан компания нарх оширишларни ҳам секин-аста бошлаб юборди. Биринчи бўлиб қиммат моделларнинг нархлари эълон қилинди. Қўшилган қиймат солиғи пасайганига қарамай, Tracker 2 фоизга, Equinox, Traverse ва Tahoe эса 5 фоизга қимматлашди. Malibu эса кутилмаганда деярли 10 млн сўмга арзонлашди. Лекин арзонлашган нархда шартнома бериш саноқли соатлар давом этди холос: контрактация очилганидан кўп ўтмай ҳеч қанақа изоҳсиз яна ёпилди.

Кўпчилик кутаётган Lacetti ва Cobalt'нинг ошган нархларини эълон қилиш учун компания ҳаво яна ҳам илишини кутаётган бўлса ажаб эмас. Бу моделларнинг сотуви тўхтаб қолганига 2 ой бўлди. Аслида, нормал компаниялар учун нақ 2 ой савдо қилмаслик бу жуда катта зарар дегани. Лекин монопол UzAuto Motors'га эмас. Компания, масалан, 2022 йилда 703 млрд сўм солиқни тўламаган. Аниқроғи, шунча солиқ имтиёзи олган.

Эътиборлиси, имтиёзга эга компаниялар хусусийлаштирилганидан кейин ҳам имтиёзлардан фойдаланавериши мумкин. Ангрен шина заводи Россиянинг “Татнефт” компаниясига сотилди, лекин шина импортига қўйилган божлар бекор қилиниши ҳақида ҳеч қанақа гап йўқ. Хитойдан олинган 156 млн доллар қарз эвазига қурилган завод бундан 2 баробар арзон – 80 млн долларга сотилди. “Ўзкимёсаноат”нинг изоҳлашича, бунинг сабаби – “Татнефт” заводнинг 153 млн долларлик қарзини тўлаш мажбуриятини ҳам олган.

Ўзбекистонда 5 млн киши – камбағал

Ўзбекистонда аҳолининг қанчаси камбағал қатламга мансуб экани биринчи марта расман эълон қилинди. Расмийларга кўра, мамлакатимизда камбағаллик кўрсаткичи – 14 фоиз. Бир йил олдин эса 17 фоиз бўлган. 36 млн аҳолининг 14 фоизи 5 млн 40 минг киши дегани.

Камбағаллик чегараси расман минимал истеъмол харажатларига тенг. Бу миқдор бир йил олдин 498 минг сўм деб белгиланган. Демак, Ўзбекистонда 5 млн кишининг оиласида бир ойлик даромад киши бошига 498 минг сўмга етмайди.

Чоршанба кунги йиғилишда президент камбағалликка қарши курашиш давлат сиёсати эканини айтиб, йил охиригача 2 миллионта доимий иш ўрни яратишга топшириқ берди. 2023 йилда оилавий тадбиркорлик учун 12 триллион сўм ажратилади. Лекин бу маблағлар самарали ишлатилиши ҳам керак. Масалан, Kun.uz суриштируви Маҳаллабай агентлигида шубҳали тендерлар давом этаётганини кўрсатяпти. Миллиардлаб сўмлик давлат буюртмалари очилганига бир неча кун бўлган компанияларга бериб юбориляпти. Бу тендерлар шубҳали эканини кўрсатадиган бошқа ҳолатлар ҳам бор. Бу биринчи марта бўлмаётгани, аввалгилари бўйича тайинли реакция бўлмаганини инобатга олсак, бу йил ажратиладиган 12 триллион сўм ҳақидаги хабар кимларнидир ҳаммадан кўпроқ хурсанд қилган бўлса ажаб эмас.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Тошкент шаҳар ҳокими лавозимидан олинган Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг депутатлик мандати ҳам бекор қилинди. Энди у сенатор мақомини ҳам йўқотади. Ҳоким вазифасини бажарувчи бўлган Бахтиёр Раҳмонов ҳафта давомида Ортиқхўжаевнинг ёрдамчисини, иккита унитар корхона раҳбарини, ободонлаштириш бошлиғини ишдан олди. Ишдан олинганлардан бири – ҳокимликнинг Ягона буюртмачи хизмати бошлиғи собиқ ҳокимга алоқадор компанияларга миллиардлаб сўмлик давлат буртмаларини ҳеч қанақа тендерсиз бериб келаётган эди. Ортиқхўжаевнинг кетиши ортидан “Tаshkent Index”га жойлаштирилган талабалар ҳам у ердан мажбуран чиқариляпти.

Ёппасига ишдан олишлар Сурхондарёда ҳам рўй берди. Бир кунда вилоятнинг нақ 13 та туманига янги ҳокимлар тайинланди. Уларнинг аксарияти вазирликлар ва республика идораларида масъул лавозимларда ишлаган. Президент Сурхондарёнинг ҳамма туманларига республикадан тажрибали кадрлар ҳоким қилиб қўйилганини айтди.

Маъмурий ўзгаришлар доирасида давлат органлари ва ташкилотларидаги штатлар 17 447 тага қисқаради. Бу – ҳукумат тизимига кирувчи вазирлик ва идоралардаги жами штатларнинг 24 фоизи дегани. Раҳбар ўринбосарлари сони 207 тадан 144 тага камаядиган бўлди. Умуман, ўзгаришлардан кейин 86 та вазирлик ва идора 70 тага қисқарди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон стратегик шерикларга айланди. Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка ташрифида томонлар 20 дан ортиқ ҳужжатларни алмашди. Чегара делимитацияси якунига етказилгани тарихий воқеа сифатида эътироф этилди. Асосий янгиликлардан яна бири – икки давлат фуқаролари бир-бирининг ҳудудига ID-карта орқали кириб чиқиши бўлади. Ўзбекистон – Хитой – Қирғизистон темирйўли қурилиши эса 2023 йил охирида бошланиши мумкин.

Human.uz сайти директори ва ходимлари сайт офисидан олиб кетилди. Давлат хавфсизлик хизмати уларни Telegram'даги Kompromatuzb канали орқали содир этилган товламачилик жиноятларига алоқадорликда гумонлаяпти. Гумондорлар орасида сайт вакилларидан ташқари яна бир нечта давлат ташкилотлари ходимлари ҳам бор. Жамоатчилик орган ходимларини тергов давомида процессуал қонунчиликка риоя қилишга чақирмоқда.

Humo ва Uzcard тизимлари ўзаро интеграция қилинади. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовнинг айтишича, интеграция жараёни биринчи босқичда банкоматларга қаратилади. Май ойидан бошлаб, Uzcard карталари орқали Humo банкоматларида, Humo карталари орқали Uzcard банкоматларида нақд пул ечиш йўлга қўйилиши мумкин.

Мавзуга оид