Ўзбекистон | 09:23 / 05.02.2023
59064
14 дақиқада ўқилади

Хавфли Тошкент, очилган метан ва намойишчиларга ҳукм — ҳафта дайжести

Тошкент – болалар учун хавфли шаҳар. Ҳар беш кунда битта бола ЙТҲга учраб ё яраланади, ё ўлади. Шаҳар болалар учун хавфсиз эмаслигини, 12 яшар қизалоқ зўрлаб ўлдирилганидан кейин, давлат ҳам тан олди, лекин амалий чоралар пайсалга солиняпти. Ўтган ҳафтанинг шу ва бошқа асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Боғчаларда ойликлар мактабларники билан тенглаштирилади

2023 йилда боғча ходимларининг маоши оширилади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг расман маълум қилишича, йил охиригача боғчаларда ишлаётган педагогларнинг маошлари мактаб ўқитувчиларининг маошларига тенглаштирилади. Боғчалар директорлари ҳам мактаблар директорлари билан тенг маош оладиган бўлади.

Бундан ташқари, тарбиячининг ёрдамчиси лавозимида ишловчиларнинг ойлиги 70 фоизга кўтарилади, ошхона ва бухгалтерия ходимларига эса 100 фоиз устама тўланади.

Қизиқ янгиликлардан яна бири – боғчаларда биометрик идентификация пайдо бўлади. Яъни бармоқ изи ёки Face-ID орқали ходимлар ва болаларнинг давомати юритилади. Бу биринчи навбатда боғчаларда аслида ишламайдиган, лекин ҳужжатларда номига ойлик ёзиладиган ходимларга қарши курашиш учун керак. Хабарингиз бўлса, бунақа коррупциявий ҳолатлар давлат боғчаларида жуда кенг ёйилган. Бир неча йил олдин мактабгача таълимдаги ноқонуний харажатларнинг салкам 30 фоизи ана шу “ўлик жонлар” ҳисобига тўғри келарди.

Ўғриликни камайтиришга ҳаракат қилиш билан бирга, бунинг сабабларидан бири бўлмиш ойликлар ҳам оширилаётгани ижобий ҳолат. Лекин умумий олиб қараганда, таълим соҳаси ҳалигача ойликлар энг паст соҳалар қаторида қоляпти. Расмий статистикага кўра, 2022 йилда таълим соҳасидаги ўртача ойлик 2 млн 700 минг сўм бўлган. Тиббиётда эса 2 млн 600 минг сўм. Бу – фаолият турлари кесимидаги энг ёмон кўрсаткичлар. Педагоглар ва шифокорларнинг ўртача ойлиги ҳатто республика бўйича ўртача ойлик – 3 млн 900 минг сўмга ҳам етмайди. Таққослаш учун, ўтган йили савдо соҳаси вакилларининг ўртача ойлиги 3 млн 900 минг сўм, қурилиш соҳаси ходимларида 4 млн 700 минг сўм, саноат корхоналарида ишловчиларда 4 млн 900 минг сўм бўлган.

Ўтган йилги давлат дастурига асосан, август-сентябр ойларига қадар малакали тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларнинг маошини босқичма-босқич минг долларга етказиш бўйича ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши керак эди. Президент фармонидаги бу талаб бажарилганми-йўқми, бизга маълум эмас. 2023 йилги давлат дастури лойиҳасидан эса ҳали дарак йўқ. Феврал ойи бошланганига қарамай, лойиҳа ҳозирча жамоатчилик муҳокамасига қўйилмади.

Қишга тайёргарлик: Қуёш панеллари, янги қувватлар ва базалт қопламалар

Агар уйингизга қуёш панеллари ўрнатсангиз, харажатларнинг бир қисмини давлат бюджетдан компенсация қилиб беришини эшитган бўлса керак. Шу ҳафта уй эгаларини муқобил энергияга ўтишини рағбатлантириш учун янги чора эълон қилинди: агар панел ўрнатиб, ўз истеъмолингиздан ортиб қолган электр энергиясини давлатга сотсангиз, давлат энергиянинг ҳар бир киловатти учун ҳозиргидек 295 сўмдан эмас, 1000 сўмдан тўлай бошлайди. Бу тартиб 2023 йилда Фарғона водийси вилоятларида жорий этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев водийга сафари давомида Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларининг энергия таъминотини яхшилаш бўйича шу ва бошқа режаларни эълон қилди. Режаларнинг аксарияти яшил энергетикага тааллуқли. Ижтимоий соҳа объектларида қуёш энергиясидан фойдаланиш учун алоҳида компания ташкил этилиб, унга 200 млн доллар берилади. Компания қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўзи ўрнатади ва яшил энергияни бюджет ташкилотига 800 сўмдан сотади.

Бундан ташқари, водийдаги йирик корхоналарга ўзининг электр бўйича эҳтиёжини 100 фоиз ўзи таъминлаш вазифаси қўйилади. Завод ва фабрикаларда қуёш панеллари ўрнатиш ва кичик станциялар қуриш учун халқаро ташкилотлардан 2 млрд доллар олиш режалаштириляпти. Учта вилоятда жами 160 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилиши, бундан ташқари тадбиркорлар иштирокида 100 та микро ГЭС қурилиши ҳам маълум қилинди. Бу йил Поп ва Фарғона туманларида 600 мегаваттли 2 та қуёш станцияси ташкил этилади.

Энергетика вазирлигига кўра, йил охиригача салкам 3 гигаватт қувватга янги электр станциялари ишга тушади. Бу – 2022 йилга нисбатан икки баробарга кўп. Шу тариқа, Ўзбекистон энергетика тармоғининг қуввати 4 йил ичида салкам 6,5 гигаватга ошади. Таққослаш учун, 1991 йилдан 2017 йилгача ишга туширилган қувватларнинг жами йиғиндиси бундан 2 баробар кам – 3,3 гигаватт бўлган.

Шавкат Мирзиёев водийга сафари давомида айтишича, Сўх туманидаги ерости газ омборини қайта ишга тушириш бўйича ўрганиш ишлари бошланган. Президент қаттиқ совуқдан қийинчилик кўрган тадбиркорларга енгилликлар берилишини маълум қилди.

Тошкентда эса кўп қаватли уйлар фасадига базалт қоплаб чиқиш ишлари бошланди. Бу ишлар доирасида уйларнинг коммуникация тармоқларини ҳам янгилаш кўзда тутилган. Аввалроқ хабар берганимиздек, нафақат Тошкентдаги, умуман республика бўйича 1991 йилгача қурилган кўп қаватли уйларнинг ҳаммасини иссиқни яхши сақлайдиган изоляцион материал билан қоплаб чиқиш кўзда тутилган.

Метан шохобчалар 2 ой деганда очилди

Ўзбекистон Россиядан AI-80 бензинини импорт қила бошлади. Россиянинг ўзида бу маркадаги бензинни ишлаб чиқариш аллақачон тўхтатилган. “Газпром”, “Татнефт” каби корхоналар маҳсулотни буюртма асосида, Ўзбекистон учун ишлаб чиқараётгани айтилмоқда. Шохобчаларда бу импорт бензин 6200 сўмдан сотиляпти.

Кунлар анча илиб қолиши ортидан, газ қуйиш шохобчалари ҳам очила бошлади. Шохобчалар ҳали очилмай туриб, улар олдида узундан узун навбатлар пайдо бўлди. Чеклов энг узоқ давом этган Тошкент шаҳридаги метан-шохобчалар 3 февралдан фаолиятини тиклади. Шаҳардаги 35 та станциядан 31 таси эрталабки соат 7 дан кечки 7 гача, қолган тўрттаси кечки ва тунги вақтларда ишлаяпти.

Жума куни берилган расмий маълумотга кўра, автомобилларга газ тўлдириш станцияларига бериладиган кунлик газ миқдори 1 млн кубометрдан бир ҳафта ичида 5 млн кубометрга етказилади. Лекин бу уларнинг тўла қувватда ишлай бошлашини англатмайди. Чекловлар киритилмасидан олдин, шохобчалар 24 соат ишлаган вақтларда метан-шохобчаларга кунига камида 7 млн кубометр газ берилган.

“Ўзгидромет” прогнозига кўра, феврал ойида минус ҳароратли кунлар кам бўлиши кутиляпти.

Янгиҳаётдаги фожиа

Бу ҳафта Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида 12 яшар қизнинг мурдаси зўрлик ва қотиллик аломатлари билан топилгани кўпчиликни ларзага солди. Қизалоқ мактабдан қайтаётган пайтда йўқолиб қолган. Уни кун бўйи излашганидан кейин, кечқурун ўз уйи яқинидаги ариқдан жасади топилган.

Қотилликда гумонланувчи сифатида 29 ёшли эркак қўлга олинган. У шу маҳаллада яшайди, ўтган йили ёзда қизча яшаган уйда устачилик қилган. Интернетда тарқалган видеоларда қизалоқ дугонаси билан мактабдан қайтаётгани, уларнинг орқасидан бир эркак эргашиб юргани кўринади.

Фожиадан кейин маҳалладаги одамлар боласини кўчага чиқаришга қўрқиб қолди. Бу воқеа “Хавфсиз шаҳар” концепцияси ҳақидаги ваъдаларни ва бунинг учун бюджетдан ажратилган пулларни муҳокама марказига чиқарди. Айтишларича, қотиллик рўй берган маҳаллага ўрнатилган камералар ишламайди. Гумондорни топишда асосий маълумотлар одамлар ўз уйига ўрнатган камералар орқали олинган.

Қатор фаоллар Ўзбекистонда ҳам педофилларга нисбатан кимёвий кастрацияни қўллаш кераклигини айтмоқда. Бунақа жазо турига ҳатто Қозоғистонда ҳам аллақачон рухсат берилган. Нафақат кастрация, балки бундай жиноятларда айбдор деб топилган одамларнинг очиқ реестри бўлиши, ички ишлар идораларида ва болалар билан ишлайдиган ҳамма муассасаларда уларнинг суратлари илиб қўйилиши керак.

Бу воқеадан атиги бир неча кун олдин болаларга қарши жинсий зўравонлик жиноятлари учун жазони оғирлаштириш бўйича жамоатчилик таклифлари инобатга олинмагани маълум бўлганди. Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси берган баёнот эса ҳаммасидан ошиб тушди: бошқарма Янгиҳаётдаги воқеа муносабати билан ота-оналарга мурожаат билан чиқиб, улардан болаларини мактабга ўзлари олиб бориб, ўзлари олиб келишни сўради. Давлат органининг бунақа илтимоси – “биз болангизнинг мактабга хавфсиз бориб-келишига кафолат бера олмаймиз”, дейиш билан тенг. Баёнотда бунақа жиноятларнинг олдини олиш чоралари кўрилиши ҳақида бир оғиз ҳам гап йўқ.

Аслини олганда, бунақа мурожаатсиз ҳам кўп ота-оналар шундоғам боласини мактабга ўзи олиб боради. Бундай қилолмаётган ота-оналар ҳам боласининг мактабдан соғ-омон қайтишидан хавотирда яшайди. Чунки пиёда юрмайдиган амалдорларнинг шарофати билан шаҳар кўчалари ўлим йўлларига айланиб бўлган. Рақамлар ўта даражада даҳшатли. Расмий статистикага кўра, 2022 йилда Тошкентда ўртача ҳар 5 кунда битта бола автоҳалокатга учраб, ё жароҳатланган, ёки ҳаётдан кўз юмган.

Расмийлар бу рақамлар учун, бу фожиалар учун масъулиятни сезмаётгандек. “Хавфсиз шаҳар” бўлади деб бюджет пулига ўрнатилган камералар тўлиқ ишламаяпти, зўравонлик учун жазони қатъийлаштириш ҳақидаги таклифлар рад қилиняпти, ашаддий қоидабузар ҳайдовчиларга жарима баллари қайта-қайта кечиктириляпти... ва мана энди очиқчасига айтиляпти: Боланг мактабдан соғлом қайтишини хоҳласанг, унда ўзинг ёнида юр!

Нукус воқеалари бўйича ҳукм: Тажимуратовга 16 йил, Қаллихановага озодлик

Нукус воқеалари бўйича биринчи жиноят иши юзасидан суд жараёнлари якунига етди. 2 ой давом этган суд якунида 22 нафар судланувчининг ҳаммаси айбдор деб топилди. Намойишларнинг асосий ташкилотчиси бўлган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалди. Журналист Лолагул Қаллиханова 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган бўлса-да, суд жазони 3 йиллик синов муддати билан шартли деб белгилади. Яъни у ва яна бир судланувчи суд залидан озодликка чиқарилди.

“Ўша вақтда менда руҳий портлаш содир бўлган. Хориждаги қорақалпоқлар билан алоқада бўлмаганман, фақат ботга ёзганлар билан гаплашган бўлишим мумкин, аммо узоқ муддат мулоқот қилмаганман. Қамаладиган икки киши бўлса, бири Тажимуратов, бири мен бўлишим керак эди. Қолганларга раҳмим келяпти. У билан икковимиз теппа-тенг айбдормиз. Иккаламиз бир хил хато қилдик. Аслида биз жазоланишимиз керак”,деди суддан кейин ҳамкасбларига интервю берган Қаллиханова.

Жами 22 судланувчининг 16 нафари турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди, 4 нафарига озодликни чеклаш жазоси берилди. Яна 2 судланувчи шартли равишда озодликдан маҳрум қилинди.

Нукус воқеаларида айбланаётган яна 39 киши устидан суд 6 февралда бошланади.

Жамоат транспорти “план”дан озод бўлади

Ўзбекистондаги шаҳарларнинг оғриқли муаммоси – жамоат транспортига ниҳоят фақат Тошкент эмас, бутун республика миқёсида эътибор қаратилди. Сешанба куни президент фақат шу масала юзасидан алоҳида йиғилиш ўтказди. Шавкат Мирзиёев йиғилишда жамоат транспортини “ўзгаришлардан орқада қолиб кетган соҳа” деб атади.

Асосий янгиликлардан бири – жамоат транспортида кунлик тушум бўйича «планни тўлдириш» деган нарса бекор қилинади. Президент автобусларнинг кўпи эрталаб соат 8дан кечқурунги 7 гача ҳаракатланиши, қолган пайтларда одамлар бекатда узоқ кутишга ёки таксида юришга мажбур бўлаётганини танқид қилди.

Ҳозир фақат ойлик йўл чипталари бор. Эндиликда йиллик, чораклик, кунлик ва ҳатто соатлик йўл чипталари ҳам пайдо бўлади. 1 июлгача ҳамма вилоят марказларининг Транспорт бош режаси тайёр бўлиши керак. Ҳамма ҳокимларга ўз ҳудудидаги транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва бекатларни тартибга келтириш бўйича топшириқ берилди.

Шунингдек, транспорт корхоналарига давлат томонидан маблағ ажратишда автобуснинг юрган масофаси ва хизмат сифати асосий мезон бўлади. Хизмат сифатига автобусдаги қулайликлар ва санитар ҳолат, кеч қолмасдан бекатга етиб келишига қараб баҳо берилади. Автобус паркини янгилаш учун тадбиркорларни рағбатлантириш йўлга қўйилади.

Яна бир яхши янгилик: Тошкентда автобуслар учун алоҳида йўлаги бор кўчалар сони 73 тага етади. Натижада автобусларнинг ўртача тезлиги 1,5 баравар ошиши, бекатда кўп кутиб қолиш деган нарса тарихга айланиши айтиляпти.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Телефонидан диний қўшиқ топилган йигит 5 йилга қамалди. 21 ёшли Сардор Раҳмонқулов 3 йил олдин синфдошига Telegram орқали диний қўшиқ (нашида) юборган. Материал 2022 йил 5 июнда фуқаронинг уйида ИИБ ходимлари ўтказган тинтув пайтида аниқланган. Тергов вақтида 6 ойдан кўпроқ қамоқда ўтирган Раҳмонқуловга 30 январда суд ҳукми ўқилди. Унинг онаси ўғлига нисбатан қийноқ қўлланганини айтмоқда.

Humo номли миллий мессенжер учун обуна пулли экани маълум бўлди.  Абонент тўлови давлат ташкилотларида ишловчи ходимлар учун ойига 25 минг сўм деб белгиланган. Лекин қизиғи, пул келтирадиган бу дастур янги эмас: Telegram'нинг очиқ кодларидан фойдаланиб яратилган, Telegram базасида ишлайди ва Telegram билан функционали бир хил. Миллий мессенжерни ишлаб чиқиш учун ҳеч қанақа тендерсиз “Unicon-Soft” компанияси танланган. Рақамлаштириш вазирлиги бу илова ахборот хавфсизлиги учун кераклигини айтяпти.

Ўзбекистон демократия индексида 149-ўринни эгаллади. The Economist'нинг нуфузли рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни битта поғонага кўтарилган бўлса-да, кўрсаткичлар уч йилдан бери ўзгармаяпти. Transparency International'нинг Коррупцияни қабул қилиш индексида эса Ўзбекистоннинг ўрни 14 та поғонага яхшиланган: 180 та давлат орасида 126-ўрин. Айни пайтда, Бош прокуратура маълумотига кўра, 2022 йилда жиноят содир этган амалдорлар сони 11 фоизга ошиб, 3116 нафарга етган. Уларнинг 110 нафари – республика миқёсидаги мансабдорлардир.

Собиқ депутат Расул Кушербаев табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Ўзининг айтишича, унга бу лавозимни Президент администрацияси таклиф қилган. Эслатиб ўтамиз, Экология қўмитаси негизида ташкил этилган Табиат ресурслари вазирлигини Азиз Абдуҳакимов бошқаряпти. Ҳафта давомида, шунингдек, бир қатор вазирларга ўринбосарлар, қўмита ва агентликларга раҳбарлар тайинланди. Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сенаторлик ваколати тугатилди.

Мавзуга оид