3 йиллик танаффусдан кейин: ОТМга тестлар ёпиқ павильонларга қайтади

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ чекловларнинг энг охиргиси ҳам расман бекор бўлди. Бу йил олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари, ковиддан аввалги йиллардаги каби, ёпиқ павильонларда ўтказилади. Олий таълим вазирлигининг маълум қилишича, тестларни ўтказиш учун республика бўйлаб 92 та ёпиқ иншоот танлаб олинган. Эслатиб ўтамиз, охирги 3 йилда инфекция хавфи сабабли кириш имтиҳонлари очиқ осмон остида, стадионлар ва хиёбонларда ўтказиб келинаётганди.

Ўтган йили имтиҳонларда 1 млн 74 минг абитуриент қатнашиб, улардан бор-йўғи 176 минг нафари ўқишга кира олган. Талаб юқори, таклиф эса жуда чекланган шароит доимгидек коррупция ва фирибгарлик ҳолатларига олиб келяпти. Бу борадаги жиноятларнинг янги мавсуми ҳам старт олди. Наманганда 4 минг доллар, Сирдарёда 5100 доллар, Самарқандда эса 7200 доллар миқдоридаги олди-бердилар вақтида қатор шахслар қўлга олинди.

Лекин олий таълим бўйича ҳафтанинг энг кўп муҳокама бўлган мавзулари булар эмас. Олий таълим вазирлигининг департамент бошлиғи Абдували Холиқов “ректорларни сайлашга тайёр эмасмиз” дейиши ортидан, ижтимоий тармоқларда танқидга қолди.

“Энди мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, буни очиқчасига айтиш керак. Мутахассис сифатидаги шахсий фикрим – ректорларни сайлашга тайёрмасмиз”, – деди вазирлик расмийси.

Бу фикрлар президент сайлови арафасида янграгани истеҳзоларга сабаб бўлди. Энг катта мансаб эгаси – давлат раҳбарини сайлай оладиган одамлар қандай қилиб ҳокимларни ёки ректорларни сайлай олмаслиги мумкин? Шунинг учун, аниқроқ айтганда, одамлар тайёр, тизимнинг ўзи тайёр эмас, дейиш тўғрироқ бўларди.

Самарқанд 100 та электробусли бўлади

Ҳафтанинг асосий хушхабарлари Самарқандда ўтган Европада тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувчилари конференцияси билан боғлиқ бўлди. Банкнинг беғараз ёрдами асосида Наманган ва Фарғонада 15 та мактаб қуриладиган бўлди. Имзоланган шартнома асосида, халқаро ташкилот бунинг учун 55-75 млн доллар атрофида грант ажратади