“Ҳазиллашмаётган” Прилепин

Россия армияси охирги пайтларда Украина фронтида ташаббусни қўлга олишга муваффақ бўлаётгани рус сиёсатчилари ва пропагандачиларига кўтаринки руҳият бахш этяпти. Улар ўзларидаги ана шу кўтаринки кайфиятни иқтисодий муаммолар гирдобида қолган оддий россияликларга ҳам кўчириш, инсон ҳуқуқлари ва бошқа соҳалардаги аҳволдан уларни чалғитишга зўр беряпти. Бугун Россияда жамики муаммоларга мигрантларни айбдор қилиб кўрсатиш ва СССРни тиклаш ҳақида борган сари кўпроқ, борган сари баландроқ овозда гапириляпти.

Шундай баёнотлардан навбатдагиси “Справедливая Россия” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг тилидан янгради. У Москвадаги матбуот анжуманида фуқаролари Россияга бориб ишлаётган давлатларни Россия таркибига қўшиб олиб, мигрантларга ўша ернинг ўзида рус тилини ўргатиш кераклигини айтган ва мисол сифатида Ўзбекистонни тилга олган. “Мен жиддий гапиряпман, ҳазиллашаётганим йўқ”, деган Прилепин. Унинг бу сўзларини залда ўтирганлар қарсаклар билан кутиб олган.

Сиёсатчи сўзида давом этиб, СССР парчаланганини инкор қилиш мавзусини бундан кейин ҳам кўтаришда давом этишга ваъда берган. Унинг: “Киевдаги параддан кейин Евроосиё ҳудудида бирор нарса қилишни бизга ким тақиқлайди? Ҳеч ким”, деган гапларини тадбир иштирокчилари яна олқишлар билан қарши олган.

Унинг бу гапларидан кейин, Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Тошкентдаги элчиси Олег Малгиновни таклиф қилиб, бунақа баёнотлар икки давлат муносабатларига салбий таъсир қилишини билдирди. Ҳолатга Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ҳам изоҳ бериб, Ўзбекистон ва Россия муносабатлари суверенитетни ҳурмат қилиш асосига қурилгани, Захар Прилепиннинг гаплари унинг шахсий фикри эканини айтди. Шу билан бирга, Россия томони Прилепиннинг баёнотини умуман қораламагани эътиборга молик.

Шу куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг Telegram-каналида Ўзбекистон Конституциясидан иқтибос