1000 доллар маош тўғрисида фармон
Йил бошида «2022–2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги президент фармони имзоланди. Унда 2026 йилгача малакали ўқитувчи ва шифокорларнинг ойлик маоши босқичма-босқич 1000 доллар эквивалентига етказилиши белгиланган.
Андижонча тажриба
Йил бошининг энг кўп муҳокама қилинган воқеаси — «Андижонча тажриба» кўпчиликнинг эсида бўлса керак.
Феврал ойида Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ўқув муассасасида таълим сифати, ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар олдида тик туриб узр сўрашганди.

Ҳолат кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган, жамоатчилик фаоллари ўқитувчилар билан содир бўлган ҳолатга муносабат билдиришганди.

Шундан сўнг Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари, туман ХТБ мудири ва мактаб директори ишдан олинган, туман ҳокимига эса ҳайфсан берилганди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам узрбозликка муносабат билдириб, Андижонда ҳеч бир устоз бундай ҳолатга тушишига йўл қўймаслигини билдирганди.
Ўқитувчи ўқувчини жазолаши мумкинми?
Кейинги асосий туркум мавзулар ўқитувчи ва ўқувчи муносабатлари билан боғлиқ. Биринчи ҳолатда ўқитувчи ўқувчини жазолаган ёки унга қўл кўтарган, иккинчи ҳолатда эса ўқувчи ёки унинг яқинлари ўқитувчини калтаклаган. Замонавий педагогикада ўқитувчи ўқувчига қўл кўтариши мумкин эмаслиги ва калтаксиз болага таълим бериш тўғри эканига одамлар айнан шундай ҳолатлар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, расмий муносабатлар билдирилгач кўника бошлади. Лекин ўқувчини жазолаб ўқитиш мумкин, деб ҳисобловчилар ҳали ҳам кўпчиликни ташкил қилади.





















