Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.

Помпеонинг Ўзбекистонга амалга ошган ташрифи ва Мирзиёевнинг Россияга амалга ошмаган ташрифи

АҚШ Давлат департаменти раҳбари Майкл Помпео Шарқий Европа ва Марказий Осиёга ташрифи доирасида 2 февраль куни кечқурун Тошкентга келди. У шу куни кечқурун Тошкент шаҳри бош имом хатиби Нуриддин Холиқназаров ва бошқа диний фаоллар билан учрашди. Асосий тадбирлар 3 февраль куни бўлиб ўтди. Дастлаб Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов билан музокара ўтказган АҚШ Давлат котиби маҳаллий ва хорижий журналистлар учун матбуот анжуманида иштирок этди, куннинг иккинчи қисмида эса Тошкентда Марказий Осиё ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг «C5+1» шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди.

Майкл Помпео Хитой компаниялари билан рақобат ва Ўзбекистонга киритилувчи инвестициялар ҳақида сўзлаб берди.

Матбуот анжумани чоғида Associated Press журналисти Помпеога давлат котиби Марказий Осиёга ташрифи давомида Хитой ва унинг инвестицияларининг ушбу мамлакатларга таъсирини ташвишланиб тилга олгани, айниқса Huawei томонидан 5G технологияси жорий этилишини алоҳида қайд этгани ҳақида эслатди.

Помпео бунга жавобан АҚШ Ўзбекистонни шаффоф қонун устуворлиги ва инвестициялар учун қулай муҳит яратишда қўллаб-қувватлашини маълум қилди.