“Ўқитувчиларга текин хизматкор сифатида қарашга барҳам беришимиз шарт”

Дастуримизни яхши янгиликдан бошласак. Ўзбекистонда ўқитувчиларга асосий вазифасидан ортиқча ишлар буюриш тақиқланди. Аниқроғи, қонунда белгилаб қўйилган тақиқ амалда ҳам ишлай бошлашига янги умид пайдо бўлди.

Янги даврнинг илк йилларида, мажбурий меҳнатга қарши курашиш кампанияси вақтида педагогларга ҳар хил ишларни юклатиш сезиларли камайган эди. Лекин айрим ишлар, масалан уйма-уй юриб, болалар ва янги туғилган чақалоқларни рўйхатга олиш ҳалигача бор. Йилда икки марта минглаб ўқитувчилар микроучастка дафтарини тўлдиришга сафарбар қилинади. Ҳатто икки сменада ишлайдиган педагоглар ҳам ишдан кейин микроучасткага чиқиб, уйма-уй юриши керак. Бу жараёнда айниқса аёл ўқитувчилар турли асаббузарликларга дуч келади: ишдан уйига қоронғида қайтади, ўз ёнидан йўлкира сарфлайди, топшириқ вақтида бажарилмагани учун дакки эшитади, баъзан эса хонадон эшигини маст ёки хулқи бузуқ эркаклар очади.

Муаммони бу сафар блогер Никита Макаренко кўтариб чиққач, масалага Саида Мирзиёева ва Комил Алламжонов эътибор қаратди. Саида Мирзиёева ўқитувчиларнинг уйма-уй юришга мажбур қилинаётганини эшитиб жуда хафа бўлганини айтди ва мутасаддилардан буни бас қилишни сўради. “Биз ўқитувчиларга текин хизматкор ходим сифатида қарашга барҳам беришимиз шарт”, – деди у.

Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов ҳам баёнот бериб, ўқитувчилар зиммасига юклатилган барча ортиқча вазифаларни инвентаризация қилиш ва уларни тақиқлаш бўйича масъулларга кўрсатма берилганини маълум қилди.

Аслини олганда, бундай норма қонунчиликка аллақачон киритилган. “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 45-моддасига кўра, педагог ходимларни уларнинг лавозим мажбуриятлари билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай бошқа ишга жалб қилиш тақиқланган