Россияда терактдан кейин мигрантларга нисбатан ксенофобия кучайди. Канада ўзбекистонликлар учун 5 мингта иш ўрнини таклиф қилди. Наманганда йил охиригача электр энергия етишмовчилиги муаммоси қолмаслиги айтилмоқда. Ўзбекистонда коррупционерларнинг неча фоизи қамалаётгани очиқланди. Автомобиллар импортига янги чеклов киритилиши мумкин. Ортда қолган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Тошкентда аҳоли гавжум жойларда хавфсизлик кучайтирилди

Москва яқинида рўй берган қонли терактдан кейин Тошкентда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Шаҳардаги савдо мажмуалари, кўнгилочар масканлар, бозорлар ва бошқа одам кўп тўпланадиган жойларда тартиб посбонлари кучайтирилган режимда хизмат олиб бора бошлади. Жараёнга ички ишлар органларининг махсус топшириқли мобил отрядлари ва миллий гвардия бўлинмалари зирҳли транспорт воситалари билан жалб этилган. Пост-патрул хизмати ходимлари гавжум жойларга кираётганларни металлодетекторлар билан текширмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 март кунги йиғилишда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия раҳбарияти олдига аҳоли гавжум жойларда содир этилиши мумкин бўлган террорчилик ҳаракатлари ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан чораларни кўриш вазифасини қўйди. У ушбу чораларни амалга оширишда тадбиркорлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш муҳимлигини қайд этди.

Давлат раҳбари фожианинг эртасига россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан қўнғироқлашиб, Россия халқига ҳамдардлик билдирган эди. Якшанба куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, душанбада бош вазир Абдулла Арипов Россиянинг Тошкентдаги элчихонасида бўлиб, таъзия изҳор қилди. Элчихона олдига кўплаб ўзбекистонликлар ҳамдардлик белгиси сифатида гуллар ва болалар ўйинчоқларини