Ўзбекистон бугун ўз вақтида қилинмаган ислоҳотларнинг товонини тўлаяпти.

Агар беш йил олдин ҳокимларни халқ сайлайдиган тизимга ўтилганида, ҳозиргидек Тошкентнинг ҳолига маймунлар йиғламаётган бўларди.

Агар беш йил олдин очиқ ва рақобатли энергетика бозорини яратиш бошланганида, миллионлаб одам ҳозир ўз уйида қишни одамга ўхшаб ўтказаётган бўларди.

Агар беш йил олдин электр ва газдаги туби кўринмас ўғриликларни тугатишга жиддий ҳаракат қилинганида, қарғишдан бошқа иложи қолмаган халқ ҳозир ўғриларга лаънат айтиб, боласини уч қават кўрпага ўраб ўтирмаган бўларди.

Ҳақиқий ислоҳотлар зарурати ва энергетикадаги қинғирликлар ҳақидаги бу фикрлар тугаб бораётган ҳафтада кўпчиликнинг хаёлидан ўтган бўлса ажаб эмас.

Афсуски, ортда қолган ҳафтада Ўзбекистон яна бир катта имкониятини бой берди. Айни мана шу аномал совуқ биз учун, 36 миллионлик халқ учун нафақат синов, балки катта имконият ҳам эди. Чунки муқобил реалликда бу совуқ очиб ташлаган ҳақиқатлар, Тошкентдаги мисли кўрилмаган энергия инқирози бутун мамлакат учун туб бурилиш нуқтасига айланган бўларди. Ҳаммаси ҳам тўғри кетмаётгани, жиддий хатолар бўлаётгани, фақат шакл эмас, бошқарувнинг моҳияти ҳам ўзгариши кераклигини англатган бўларди.

Бундай бўлиб чиқмади. Асосий ўзгариш фақат кадрлар алмашинувидан иборат бўлди. Жаҳонгир Ортиқхўжаев салкам 5 йил Тошкентни Дубайга айлантириш йўлида қилган қурилишлари бир кун келиб оёғига болта бўлишини кутмагани аниқ. Йиллардан бери жамоатчилик бонг уриб келаётган муаммолар – бош режанинг йўқлиги тартибсизликни келтириб чиқараётгани, қурилишга рухсат берилганда мавжуд инфратузилмага тушадиган юклама инобатга олинмаётгани президентнинг душанба кунги йиғилишида расман тан олинди.

“Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон “сводка” билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим”,деди Шавкат Мирзиёев.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Тошкент ҳокими лавозимидаги фаолияти салкам 5 йил давом этди. Бу вақт мобайнида ер ажратиш, бузилишлар, экология, дарахтлар кесилиши, жамоат транспорти, ижтимоий инфратузилма ва манфаатлар тўқнашувига оид оғир муаммолар доим кун тартибида турди. Миллионер ҳоким шаҳар учун ўз ёнидан кўп нарсаларни ҳомийлик асосида қилиб бераётганини пеш қилиб келган бўлса ҳам, аслида ўзига тегишли ва ўзига яқин компанияларга миллиардлаб сўмлик давлат буюртмаларини ҳеч қанақа тендерсиз бериб келгани, унинг компанияларига жуда катта солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилгани, унга алоқадор компаниялар маҳсулотлари кўпроқ сотилиши учун шу турдаги товарларни хориждан олиб келишга чекловлар ўрнатилгани каби ҳолатлар унинг хайрия ҳақидаги гапларига соя солиб тураверади.