Янги даврда Ўзбекистонда ҳеч қайси лавозим эгалари ҳокимларчалик кўп ва доимий равишда медианинг эътибор марказида турмаган бўлса керак. Улар бу борада ҳатто шоу-бизнес вакилларини ҳам ортда қолдирди дейиш мумкин. Лекин бу сафар кўтарилган шов-шувни аввалгилари билан умуман таққослаб бўлмайди.

Чоршанба куни интернетда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга ўхшаш одамнинг интим видеоси тарқалди. Аввалига айримлар бу ҳокимни бадном қилиш учун монтаж қилинган видео бўлиши мумкинлигини айтди, лекин ҳеч бир расмий идора “бу видео сохта” деб чиққани йўқ. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам видео ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслигига муносабат билдирмади. Расмий баёнотларда “фейк”, “монтаж” ёки “сохта” деган сўзлар ишлатилмади.

Орадан икки кун ўтар-ўтмас, Андижонни роппа-роса 10 йилдан бери бошқариб келаётган Абдураҳмонов ишдан олингани, унинг ўрнига биринчи ўринбосари Дилшодбек Каримов вақтинча ҳоким бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бир неча соат ўтиб, бу маълумот рад этилди. Лекин бу хабар нафақат Telegram'даги турли-туман норасмий манбалар, балки Президент администрациясига яқинлиги айтиладиган каналлар ва ҳатто расмий манбаларда ҳам чиққанига қараганда, бу масала юқори кабинетларда ҳақиқатан ҳам муҳокама қилингани, якуний қарор эса кимлардир кутгандек бўлмаганини тахмин қилиш мумкин.

Жума ва шанба кунлари Шуҳрат Абдураҳмоновнинг матбуот хизмати у вилоятнинг қатор ҳудудларида бўлиб, янги лойиҳалар билан танишаётгани акс этган суратлар ва видеолар эълон қилди. Ҳокимлик интернетда Абдураҳмоновнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳақоратомуз постлар ёзилаётгани бўйича прокуратурага мурожаат қилган.

Бу ҳолатда прокуратура нафақат ҳақоратомуз постлар бўйича, балки видеонинг тарқалиши бўйича ҳам ҳуқуқий чоралар кўриши тўғри бўларди. Чунки айнан видео тарқалган кун – 12 апрелдан бошлаб шахс танасининг ёки жинсий аъзоларининг яланғоч ҳолдаги фото ва видеотасвирини унинг розилигисиз тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиловчи қонун кучга кирди. Тўғри, видеони тарқатганларни топиб жазолаш учун ҳокимнинг аризаси керак бўлади, лекин бу ерда бошқа гап ҳам бор.