Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган энг муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

Тошкентнинг ифлос ҳавоси: расмийлар изоҳи

Тошкент шаҳрида дарахт кесишга мораторий эълон қилинганидан буён 49 мингга яқин дарахтлар ноқонуний кесиб юборилган. Бу даҳшатли рақамни жума куни Экология вазирлиги маълум қилди. Шу расмий рақамга асосланиб, агар 1 дона дарахт тахминий ҳисобда ўртача 4 квадрат метр жойни яшил сақлаб туради деб ҳисобласак, у ҳолда охирги 4 йил ичида Ўзбекистон пойтахти камида 20 гектар ям-яшил ҳудудини йўқотгани маълум бўлади. Бу дегани, 2019 йил 1 ноябридан то ҳозиргача шаҳар марказидаги Мустақиллик майдони ёки Миллий боғ ҳудудига тенг ҳажмдаги яшил ҳудуд йўқ бўлиб кетган.

Бундай кўламдаги дарахтлар қирғини айнан мораторий амал қилаётган пайтда рўй берганига ақл бовар қилмайди. Ва бу статистикага кўчириб ўтказилган дарахтлар қўшилмаган. Агар жараён шу зайлда кетадиган бўлса, бизни бундан-да оғир оқибатлар кутиб тургани аниқ. Бундай оқибатлардан энг кўзга кўринарлиси – ҳаво сифатининг ёмонлашиши ва бунинг натижасида аллергия ва бошқа касалликларнинг кўпайиши бўляпти. Тошкент бу ҳафта ҳам дунё бўйича ҳавоси энг ифлос шаҳарлар ўнлигига кирди.

Тошкент ҳавосидаги ғубор осмондан қандай кўринади?

Шундай шароитда, узоқ вақтдан бери сукут сақлаб келаётган Экология вазирлигидан ниҳоят садо чиқди. Kun.uz саволларига жавоб бермай келаётган вазирлик, охир-оқибат мухбиримиз камерани ёққан ҳолда изоҳ сўраб борганидан кейин, эртасига баёнот эълон қилди, матбуот анжумани ўтказди. Унда ҳаво ифлосланишининг сабаблари ва муаммо ечимлари бўйича таклифлар санаб ўтилган. Сабаблар қаторида биринчи бўлиб яшилликнинг камайиб кетгани, мораторий даврида 49 мингта дарахт ноқонуний кесиб ташлангани, шаҳарда ҳалигача бош режа йўқлиги, қурилишларнинг бетартиблиги келтириб ўтилган.