ЕОИИ бўйича мунозара давом этади

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши бўйича баҳс-мунозаралар давом этмоқда.

Аввалига ушбу иттифоққа киришга қатъиян қарши бўлган «Миллий тикланиш» партияси ўз позициясини ўзгартирди. Партия раиси Алишер Қодиров партия мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий манфаатларига хизмат қиладиган ҳар қандай ҳаракатни қўллаб-қувватлашини айтди.

Олий Мажлис Сенати қўмита раиси ўринбосари Одилжон Иминов эса биргина мигрантлар омилининг ўзи ЕОИИга киришга икки қўлни кўтариб тарафдор бўлишга етарли эканини айтиб ўтди.

Сенаторнинг фикрига кўпчилик қўшилмади. Иқтисодчи олим Шерзод Эралиев Kun.uz сайтида эълон қилинган мақоласида иттифоққа кириш учун ўзбекистонлик мигрантлар билан боғлиқ иддаолар асоссизлигини исботлаб берди.

ЕОИИга аъзо бўлиш мигрантлар ҳаётини енгиллаштириши ҳақида бонг урилмоқда. Аслида-чи?

Яна бир иқтисодчи Жамшид Муслимов ЕОИИ ҳақида фактларни келтириб, ташкилотга аъзо бўлган мамлакатлар орасида Россиядан бошқа аъзо давлатларнинг савдо баланси манфийлигини кўрсатиб ўтди.

Россиядан бошқа аъзо давлатларнинг савдо баланси манфий — ЕОИИ ҳақида фактлар сўзлаганда

Халқаро Валюта Жамғармасининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти директори ўринбосари Юха Кяхконен ЕОИИга кириш бошқа минтақалар билан савдо юритишни мураккаблаштиришидан огоҳлантирди.