Ўзбекистон | 18:05 / 22.01.2023
94535
16 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг олигарх ҳокими: Ортиқхўжаев фаолиятига назар

Ўзбекистон пойтахтини салкам 5 йил бошқарган Жаҳонгир Ортиқхўжаев жиддий танқидлар билан ишдан олиниб, ўзидан кейин жуда оғир муаммоларни мерос қолдирди. У лавозимга ўтирганида шаҳар аҳолисига кўп ваъдалар берганди, лекин уларнинг аксариятини бажармади.

Ҳоким бўлгунига қадар Жаҳонгир Ортиқхўжаевни асосан Тошкент шаҳрида, бизнес ва сиёсатдаги одамлар танирди. Туркия президентининг Ўзбекистонга ташрифи вақтида Шавкат Мирзиёев уни тантанавор таништирганидан кейин, Ортиқхўжаев ҳақида бутун Ўзбекистон эшитди.

“Ўзбекистон тарихида биринчи марта, ўзим ишонган ишбилармонни Тошкент шаҳри ҳокими этиб тайинладим. Тарихда бунақаси бўлмаган.

Бу йигит ҳам ҳозирги ислоҳотларни тушунадиган, бюрократиядан йироқ, Ўзбекистон [ишбилармонлик муҳити]га тоза ҳаво киришига, инвесторларни қўллаб-қувватлашга, Тошкент шаҳрининг эртанги кунини тасаввур қиладиган ҳозирги замонавий [ёшлардан]. Бу бизнинг аксарият раҳбарлардан фарқли ўлароқ, “райком”, партия каби ҳеч қайси бюрократик тизимда ишламаган”, деганди ўшанда давлат раҳбари.

Ортиқхўжаев давлат тизимида ишламаган, бюрократия поғоналарини босиб ўтмаган бўлса ҳам, унинг бошқарув услуби биз ўрганган амалдорларникидан катта фарқ қилмаслиги тезда аён бўлиб улгурган эди. У тайинловдан кўп ўтмай Тошкентдаги 88 та маҳаллада қурилиш-таъмирлаш ишларини эълон қилиб, бу ишларнинг бошида ўзи турди ва эътиборлиси, кучлар негадир кечаси, қоронғида жалб этилди. Айни шу ҳолатнинг ўзиёқ янги ҳокимнинг тизимли ва тартибли бошқарувни йўлга қўядиган замонавий менежер эмаслигини кўрсатиб бўлганди. Шу ва бошқа ҳолатлар ҳокимликнинг ишлари буёғига ҳам “қўл” бошқарувида давом этаверишидан дарак бераётганди ва амалда ҳам шундай бўлиб чиқди.

2018 йил апрел ойида Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи бўлган Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўша йил охирида в.б. қўшимчасидан халос бўлди. Шу вақт оралиғида у шаҳарни ривожлантириш бўйича режалари ҳақида кўп чиқишлар қилди, кўп ваъдалар берди. Биз собиқ ҳокимнинг фаолиятига ўз фикрларимиздан келиб чиқиб эмас, холислик учун унинг ўзи берган энг муҳим ваъдаларни қанчалик бажарганига қараб баҳо беришга ҳаракат қиламиз.

“Тошкентнинг ҳамма жойи марказдек бўлиши керак”

“Чет элдан келган меҳмон Тошкентнинг марказини қидириб топа олмаслиги керак. Яъни у қаерга борса, ўша ерни марказга айлантириш керак. Агар чет элдан келган меҳмон ўзини қулай ҳис қилса, маҳаллий аҳоли ўзини икки баробар қулай ҳис қилади”. (12.05.2018)

Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳарнинг ҳамма жойларини ўзи айтгандек қулай, марказдан фарқ қилмайдиган даражага келтиргани йўқ. Чеккароқ туманлардаги йўллар абгор ҳолатда ётган бир пайтда, ҳоким шаҳар марказидаги йўлларни қайта-қайта таъмирлашда давом этаверди.

Бугун ҳам, худди 5 йил олдингидек, Тошкентга келган турист унинг марказини бошқа ҳудудлардан осонгина ажратиб олади. Шаҳар маркази – озода, тартибли, йўллари равон, боғлари ва хиёбонлари бор, дарахтлари кўпроқ. Марказдан узоқроққа, аҳоли мавзелари томон борганингиз сари, айрим жойларда хавфсиз юриш учун ҳатто тротуар ҳам тополмай қоласиз. Энг элементар масала – шаҳарда чиқинди қутилари ҳали ҳам етишмайди.

“Мулк очиқ танлов асосида берилади”

“Тадбиркорларга мулк очиқ танлов асосида берилади. Бундан кейин ҳеч кимнинг амакиси, тоғаси ёки поччаси бу масалада имтиёзларга эга бўлмайди”. (12.06.2018)

Ортиқхўжаевнинг энг баландпарвоз, лекин аслида пуч бўлиб чиққан ваъдаларидан бири айнан шу эди. Ўтган давр мобайнида Тошкентдаги энг қиммат, сантиметри тиллога тенг ерлар ҳоким айтганидек очиқ танлов асосида берилгани йўқ. Шаҳардаги ерлар ҳеч қанақа аукционсиз тарқатиб юборилишининг бошида эса айнан Жаҳонгир Ортиқхўжаев турди.

Гап шундаки, 2018 йил 1 октябрдан бошлаб уч йил давомида Тошкентда инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида давлат мулкларини шаҳар ҳокимининг қарори билан аукционсиз, тўғридан тўғри ажратиш бўйича эксперимент ўтказилди. Бу эксперимент амалда ер участкаларини бўлиб бериш бўйича Ортиқхўжаевга берилган карт-бланш бўлди. У давлат мулкларини инвесторга бериш ҳақидаги қарорларининг деярли ҳеч қайсисини очиқ эълон қилгани йўқ. Натижада одамлар ўзининг маҳалласидаги ер бировга бериб юборилганини кейинроқ билди.

Кўп ҳолатларда аслида автотураргоҳ, хусусий боғча, маҳалла гузари ёки шу каби ижтимоий объектлар қуриш учун ажратилган ерларда кўп қаватли уйлар ва бизнес марказлар пайдо бўлди. Қарорни имзолаган ҳоким эса бу ҳолатларга жиддий реакция қилмади.

На бош режа, ва на стратегия

“Тошкент шаҳри бўйича муаммолар жуда кўп. Асосий муаммо – пойтахтнинг бош режаси йўқлиги. Келажакда бўладиган ривожланишга халақит бериши, тасдиқланмаганлиги. Шунингдек, узоқ ва яқин стратегия йўқ. Шу муаммо. Аниқ, пухта бир стратегия қилинмаган”. (13.03.2018)

Аниқ, пухта стратегияни ўзидан аввалги бешта ҳоким каби, Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам қилгани йўқ. Шаҳарнинг ривожланиш стратегияси бўлади дейилган “Тошкент-2025: Ўзгариш” номли лойиҳа чала қолиб кетди. Ортиқхўжаев “Топ-500” ҳамжамияти орқали Тошкентни Марказий Осиёнинг бизнес пойтахтига айлантирамиз деганида ҳам билиб-билмай катта гапириб юборганди. Бу статус узоқ йиллардан бери Олма-отага тегишли. Тошкент шаҳри иқтисодиётининг ҳажми Олма-отаникидан нақ 2 баробарга кичик. Ортиқхўжаев давридагидек ўсиш суръатлари билан бунақа катта фарқни йўққа чиқариш иложсиз.

Ваъда қилинган, лекин амалда бажарилмаган стратегиялардан яна биттаси – шаҳардаги сув оқова тизимини тартибга келтириш эди. Бетартиб қурилишлар оқибатида, сал кўпроқ ёмғир ёғиб қолса, шаҳар кўчалари сувга тўлиб қоляпти. Ҳокимлик эса дренаж-лотоклар тизимини яхшилаш бўйича ваъдасини унутиб юборди, тизимли ва амалий ишлар бўйича ҳатто режанинг ўзи йўқ.

Аксарият муаммоларнинг марказида турган шаҳар бош режаси эса алоҳида катта мавзу. Жамоатчилик ва фаоллар буни гапиравериб чарчади, ҳокимлик эса йиллар давомида орқага сураверди, ҳужжатларда ёзилган муҳлатлар ўтиб кетаверди. Охир-оқибат айнан бош режанинг йўқлиги, ҳаммани безор қилган палапартиш қурилишлар ва бунинг оқибатида кучайган энергия инқирози Ортиқхўжаевни курсисидан ағдарди. Президент уни “ноинсоф” деб ишдан оларкан, бош режа ҳалигача тасдиқланмагани, қурилишларнинг инфратузилмага юкламаси ҳисоб-китоб қилинмаганини танқид қилди.

Ижтимоий инфратузилма дефицити

“Режа бўйича 10 йилдан кейин Тошкент шаҳри аҳолининг яшашига қулай бўлиши керак. Уй-жойлар яхшиланиши, жамоат транспортини кўпайтириш зарур. Шунингдек, боғча, мактаб, поликлиникалар сонини ошириш даркор. Булар ҳозирча бизда норма бўйича етмайди”. (13.06.2018)

Ҳоким бу гапида 10 йилдан кейин деган бўлса ҳам, бу муддатнинг ярмида қилинган ишларни қониқарли деб бўлмайди. Яшашга қулай деганда биринчи навбатда тушуниладиган ижтимоий неъматлар – тоза ҳаво, хавфсиз йўллар, сифатли жамоат транспорти, барқарор энергетика, ногиронлиги бор одамларга шароитлар кабиларнинг ҳар биттаси бўйича тонналаб муаммолар сақланиб қолди. Экологик муаммолар эса мисли кўрилмаган даражада чуқурлашиб кетди. Шаҳарда ҳаво сифати хавфли даражада бўлиши одатий ҳолга айланиб қолди.

Битта синфда қирқталаб ўқувчи ўқиётган мактаблар ҳалигача жуда кўп. Ўзбекистондаги энг бой шаҳар мактабларга пул ажратиш бўйича 14та ҳудуд орасида 7-ўринга (!), таълим сифати бўйича 5-ўринга (!) тушиб кетди. Тасаввур қилиш қанчалик қийин бўлмасин, Учтепа тумани мактаб таълими сифати бўйича республикадаги 207 та туман-шаҳар ичида 204-ўрингача (!) қулади.

Жамоат транспортини эпақага келтирмагани – Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг энг катта хатоларидан бири. У совуқда автобус кутиш нималигини, “маршрутка”га жой талашиш нималигини, метрода тиқилинчда кетиш нималигини билмаслиги мумкин, лекин бу ҳақда гапираётган одамларнинг, журналистларнинг, жамоатчиликнинг шикоятларига қулоқ тутса бўларди. Ва яна айтиш керак, метро қурилишларида ҳам, охирги 1-2 ойда автобуслар сони кўпайганида ҳам Ортиқхўжаевнинг ҳиссаси йўқ.

Ачинарлиси шундаки, ҳоким ўз ваъдасида санаб ўтган ижтимоий неъматларни сезиларли кўпайтириш учун унда етарлича ваколат ҳам, етарлича маблағ ҳам, етарлича вақт ҳам бор эди.

“Снос”лар

“​Асосий муаммо – шаҳарда тасдиқланган бош режанинг йўқлиги ва унинг очиқ эмаслиги. Бузилиш ва кўчириш ишлари палапартиш олиб борилади. Инвесторларга режа қилиш имконияти берилмаган”. (18.06.2018)

“Бузилиш ва кўчириш ишлари палапартиш олиб борилади” – Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳоким сифатидаги фаолиятининг бошида айтган бу жумлани ўзининг фаолиятига нисбатан ҳам ишлатса бўлади. Янги даврдаги оммавий “снос”ларда мулк ҳуқуқи ва компенсация бўйича қонунчиликка риоя қилмаслик бўйича Ортиқхўжаев бошқа вилоятлар ҳокимларидан қолишгани йўқ.

Халқ олдидаги ҳисобдорлик

“Ҳар бир йирик ислоҳот халқ фикри ўрганилган ҳолда амалга оширилади”. (13.06.2018)

“Мен сизларни Тошкентдаги ўзгаришларнинг ҳаммуаллифи бўлишга ва шаҳарда айнан нима етишмаётганини бизга айтишга чақираман”. (21.06.2018)

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг халқ олдидаги ҳисобдорлик ҳақида бу гаплари ҳам вақтинчалик бўлиб чиқди. Аҳоли билан мулоқот учун очилган “Тошкент сизни яхши кўради” номли платформа узоқ вақтга бормай йўқолиб кетди. Жуда кўп ҳолатларда одамлар шаҳардаги лойиҳалар ҳақида уларнинг режаси аллақачон тасдиқланиб, амалга ошириш бошланганидан кейин хабар топди.

Шаҳар кўчаларини кенгайтириш бўйича лойиҳаларнинг ҳеч қайсиси жамоатчилик билан келишилмади. Бутун шаҳар бўйлаб дарахтларнинг аёвсиз кесилиши шиддат билан давом этаверди. Одамлар халқ билан маслаҳатлашмайдиган ҳоким ва тадбиркорлардан ўз боғларини ҳимоя қилишга мажбур бўлди. Жамоатчилик фаол муносабат билдирмаганида, “Мовий гумбаз”ларда “Истиқлол” мажмуаси қурилиши мумкин эди. Жаҳонгир Ортиқхўжаев дарахт кесишга мораторий амал қилиб турган пайтда дарахтзор ерларни қурилиш қилиш учун тадбиркорларга бериб юборганини эса ақлга сиғдириб бўлмайди.

Бу йиллар давомида Ўзбекистон Миллий боғининг катта қисмини сунъий сарой ва қурилмалардан иборат Magic City эгаллади. Боғ ҳудудининг яна бир қисмида эса Маънавият шаҳарчаси қуриляпти. Шу боғ ҳудудининг яна бир қисми – Олий Мажлис ёнидаги кўл қайта тикланмайдиган қилиб қуритилди.

Собиқ ҳоким ўзининг асосий лойиҳаси бўлган Tashkent City'даги боғ бўйича ваъдасида ҳам турмади: у ерга кириш пулли қилиб қўйилди. Орадан 10 ой ўтгач, боғга кириш яна текин бўлди, лекин бу бежизга эмасди: тез орада боғ сотиб юборилади. Хусусийлаштиришдан кейин боғга кириш бепул бўлиб қолишига эса албатта кафолат йўқ.

Қўшимча қилиб ўтамиз, Жаҳонгир Ортиқхўжаев нафақат солиқ тўловчилар ва сайловчилар билан, балки кези келганда қонун билан ҳам ҳисоблашмади: масалан, “Космонавтлар”ни таъмирлашдан олдин маданий мерос органининг хулосасини олиш мажбурий эканини фаоллар унга тушунтира олмади. E-qaror тизими ишга тушганида эса ўзи имзолаётган ҳужжатларнинг катта қисмини, айниқса бюджет пулларини аллақандай тадбирлар-у лойиҳаларга сарфлаш ҳақидаги қарорларини одамларга кўринмайдиган қилиб, яшириб қўйишни одат тусига айлантирди.

“Бизнесдан четлашдим”

Жаҳонгир Ортиқхўжаев янги даврда Ўзбекистонда манфаатлар тўқнашувига оид танқидларнинг қоқ марказида турди. Айни шу танқидлар сабаб коррупция фақат пора олди-бердисидан иборат эмас, унинг манфаатлар тўқнашуви ва бошқа кўринишлардаги мураккаб турлари ҳам борлигини кўпчилик оддий одамлар ҳам билиб олди.

Ортиқхўжаев ўз интервюларида бизнесдан четлашганини, лекин ҳокимликка тайинланаётган пайтда унга ўз компанияларидаги улушларидан кечиш талаби қўйилмаганини айтган. Лекин, 2022 йилда қабул қилинган қонун билан давлат хизматчиларига бизнес эгаси бўлиш тақиқланган бўлса ҳам, у барибир бизнесдан кетгани йўқ, лавозимдан олинган пайтда ҳам “J-United Group”нинг юз фоизлик таъсисчиси эди.

Ортиқхўжаевга тегишли компанияларнинг кўплиги ва хилма-хиллиги сабаб хориж нашрлари уни бизнес империя деб атайди. Бирмунча вақт аввал, аксарият компанияларини бошқалар номига ўтказишидан олдин, у эгалик қиладиган брендларнинг саноғи йўқдек эди. Бу компаниялар миллиардлаб сўмлик солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланади, уларнинг айримларини ҳимоя қилиш учун алоҳида импорт чекловлари киритилган. Ва албатта, бу компаниялар мунтазам равишда жуда катта ҳажмдаги давлат буюртмаларини олади.

Ҳокимга тегишли ёки унга яқин компаниялар деб кўрилган Discover Invest, Eco-House Group, Mimar Group, Grand Road ва бошқалар шаҳардаги қурилишлар бўйича миллиардлаб сўмлик давлат буюртмаларини ҳеч қанақа тендерсиз қўлга киритиб келди. Матбуотда газ ҳисоблагичлар, лифтлар, дарсликлар, коронавирус пайтида қурилган карантин зоналари ҳақида ҳам суриштирувлар эълон қилинди.

Вазият шу даражага бориб етдики, туппа-тузук турган брусчаткаларнинг устидан ҳокимга алоқадор фирмадан сотиб олинган брусчаткалар ётқизилди. Яна бир ҳолатда ҳокимга бегона бўлмаган, очилганига 15 кун бўлган компания ҳокимликдан миллиард сўмлик буюртма олди. Artel мактабининг директори Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармасига бошлиқ бўлди, Mimar'нинг бош архитектори Тошкент ҳокимлигида ишлади, кейин қурилиш вазирига ўринбосар бўлди.

Ўтган беш йиллик даврда шаҳарда йўллар, кўприклар, биноларни лойиҳалаш ва қуришга турк компаниялари кенг жалб қилинди. Бунда тадбиркор ҳокимнинг Туркия билан узоқ йиллик ўтмишга эга бизнес алоқалари алоҳида ўрин тутган бўлса ажаб эмас.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг оммавий ахборот воситалари билан муносабатлари ҳам алоҳида мавзу. Ўзбекистонда ҳали ҳеч ким журналистларни у ишлатган сўзлар билан ҳақорат қилмаган, у тасаввур қилган ҳолатда ёмонотлиқ қилиш билан таҳдид қилмаганди. Вақт ўтгани сари, танқидлар кўпайиб боравергач собиқ ҳокимнинг журналистларга нисбатан “аллергияси” ошиб бораверди.

Истеъфо

Тошкент ҳокимининг лавозимдан олиниши Президент администрациясида ўтган йили ўрталаридан бошланган ўзгаришлар билан алоқадор экани шубҳасиз. Бу ўзгаришлар у билан яқин алоқаларга эга экани айтиладиган администрациянинг собиқ раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов ва президент маслаҳатчиси, Ортиқхўжаевнинг қудаси Абдужаббор Абдувоҳидовнинг ишдан олинишидан бошланган эди. Қаттиқ совуқ кунлари Тошкентнинг кўплаб ҳудудлари бир неча суткалаб энергиясиз қолгани эса якуний қарор учун туртки бўлган кўринади.

“Қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон “сводка” билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим”, деди президент Шавкат Мирзиёев.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Тошкент шаҳри ҳокими сифатидаги фаолияти ҳали кўп таҳлил қилинади. Ва бу таҳлил фақат жамоатчилик фаоллари ўртасидагина бўлиб қолиши тўғри эмас. Тошкентда ўтган 5 йиллик даврдаги воқеаларга ҳам сиёсий, ҳам ҳуқуқий баҳо бериш кераклигини кўрсатувчи ҳолатлар керагидан ортиқ даражада кўп.

Комрон Чегабоев

Мавзуга оид