Туркия ва Сурияда вайронкор зилзила

Душанба куни тонгга яқин Туркия ва Сурияда рўй берган кучли зилзила барчамизни ларзага солди. 7,8 магнитудага тенг бундай кучли ер силкиниши Туркия тарихида 1939 йилдан кейинги, Сурия тарихида эса 1822 йилдан кейинги даврдаги энг вайронкор зилзила бўлди.

Табиий офат Анадолу ва Арабистон тектоник плиталари тўқнашиши натижасида содир бўлгани, Туркия Арабистон томонга 3 метрга силжигани айтиляпти. Худди шу плиталар тўқнашуви бундан аввал ҳам бир неча марта зилзилаларга олиб келган. Силжишни Қаҳрамонмараш ва Ғозиантеп ўртасидаги йўллардан олинган тасвирларда кўриш мумкин.

Эпицентри Ғозиантепдан 34 км масофада бўлган 7,8 балли зилзиладан кейин мингдан ортиқ афтершоклар қайд этилди. Улардан 31 таси 5 балл ва ундан юқори магнитудали зилзилалар бўлди. Бирламчи силкинишдан 9 соат ўтиб Қаҳрамонмараш провинциясида рўй берган энг вайронкор афтершокнинг кучи ноодатий равишда катта – 7,7 магнитудага тенг бўлди.

Туркияда умуммиллий мотам эълон қилинган. 11 феврал ҳолатига Туркия ва Суриядаги жами қурбонлар сони 25 мингдан ошган, жароҳатланганлар эса 80 мингга яқин. Бу рақамлар ўсишда давом этяпти. Қурбонлар орасида камида уч нафар Ўзбекистон фуқароси борлиги маълум. Улардан бири Малатя, яна бири Ҳатай, учинчиси Қаҳрамонмараш шаҳрида яшаган. Ўндан ортиқ ўзбекистонлик бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.

Офат ҳудудларига бутун дунёдан инсонпарварлик ёрдами жўнатиляпти. Ўзбек халқи ҳам мусибат кунларида қардош турк халқига кўмак кўрсатяпти. Тошкентда, вилоятларда ва Туркиянинг ўзида ватандошларнинг кўнгилли гуруҳлари пул, моддий буюмлар юбориш ва бевосита офат рўй берган жойларда хизмат кўрсатиш орқали зилзиладан жабрланганларга елкадош бўляпти. Ўнлаб ватандошлар ҳамдардлик белгиси сифатида Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси олдига гуллар қўйиб кетишяпти.