Бугун, 31 декабрь, 2018 йилнинг охирги куни. Кун душанба бўлишига қарамасдан 29 декабрь (шанба) билан алмаштирилган дам олиш куни. Банкирлар, солиқчилар ва журналистлар эса бундан мустасно. Бугун Kun.uz йил якунларини ҳисобот қилади, ҳисоботда айримлар ҳисобот қилишда мустасно бўлгани ҳақида ҳам гап кетади.

Ақтўбе фожиаси

2018 йилнинг 18 январь куни ва ундан кейинги кунлар Ўзбекистон учун мотамга айланди. Шу куни Қозоғистоннинг Ақтўбе области ҳудудида, Самара-Чимкент трассаси 1068-километрида ҳайдовчилар билан бирга жами 57 киши бўлган автобус ёниб кетганди. Бу фожиа оқибатида Ўзбекистоннинг Россияга кетаётган 52 нафар фуқароси ҳалок бўлди. Фожиадан 5 киши омон қолган, уларнинг 3 нафари қозоғистонлик ҳайдовчилар ва 2 нафари Ўзбекистон фуқаролари эди. Автобуснинг ёниб кетишига расмий сабаб - техник носозлик ва хавфсизлик техникасига риоя қилмаслик. 

52 қурбон. Автобус Россияга ета олмади

Фожиа қурбонларининг бир қисми Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидан, яна бир қисми Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидан эди. Қурбонларнинг оила аъзоларига давлат томонидан ёрдам кўрсатилишидан ташқари, интернет нашрларда хайрия маблағлари йиғиб берилди.

«Оловда кўринар кулган суратинг». Ақтўбе қурбонларига марсиялар

Ўзбекистон ҳукумати бу фожиа хорижга, хусусан Россияга авиачипталар жуда юқори нархларда белгиланганининг ҳам оқибати эканини ҳисобга олиб, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси халқаро рейслар учун авиачипталарни таннархидан арзонроққа сотишига рухсат берди.