Камбағаллик даражаси энг юқори вилоят Сирдарё экани маълум бўлган ҳафтада, шу вилоятнинг депутатлари ҳокимларга 15 та “иномарка” олиб беришга қарор қилди. Республика даражасидаги бошқа бир депутат эса айб камбағалларнинг ўзида эканини айтиб чиқди. Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа мавзулари – Kun.uz дайжестида.

“Глобал қайнаш даври”

Тошкентда икки ойдан бери ҳар куни қатор маҳаллаларда таъмирлаш ишлари сабаб электр таъминоти ўчириляпти ва бу янгилик бўлмай қолди. Талаб ортиб кетган кунлари эса аварияларнинг олдини олиш учун шахмат тартибидаги ўчиришлар ҳам қўлланяпти. Лекин баъзан бу ҳам етарли бўлмаяпти. Хусусан, 26 июл куни пойтахтнинг 7 та туманидаги кўплаб ҳудудлар бир вақтнинг ўзида электр таъминотидан узилиб қолди. Бу ҳақда диспетчерлик каналида эълон қилинган постлар кўп ўтмай ўчирилиб, оммавий узилишга тақсимлаш пунктлари қизиб кетгани сабаблиги айтилди.

Кейинроқ Энергетика вазирлиги шу куни Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли бўйича рекорд яна янгиланганини маълум қилди. Унга кўра, 26 июлда Ўзбекистон бўйлаб 250 млн kWh электр энергияси истеъмол қилинган. Бу ўтган йилги максимал кўрсаткичдан 5 фоизга кўп. Энергетика вазирлиги аҳолидан катта аварияларнинг олдини олиш учун қилинаётган қисқа муддатли узилишларни тўғри тушунишни ва қатъий тежамкорликка амал қилишни сўради.

Энергияга талабнинг ортиб кетиши аномал иссиқ билан боғлиқ. Шу ҳафта Жаҳон метеорология ташкилоти вакиллари 2023 йилнинг июл ойида кузатилаётган жазирама мутлақ рекорд даражага чиққани, глобал миқёсдаги бундай исиш “охирги минг йилликда ҳам” кузатилмаганини маълум қилди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эса вазиятни образли тарзда тасвирлаб, “глобал исиш даври тугагани, энди глобал қайнаш даври келгани”ни айтди.

Ўзбекистоннинг фақат энергетика соҳаси эмас, қонунчилиги ҳам бундай “глобал қайнаш даври”га тайёр эмас. Kun.uz бир неча марта кўтариб чиққан масала – жазирама иссиқ кунларда ходимларнинг иш вақти ва меҳнат шароитлари бўйича ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган норматив ўзгаришлардан ном-нишон кўринмаяпти. Биз яна бир бор депутатлар ва касаба уюшмаларидан бу борада ташаббус кўрсатишни сўраб қолган бўлардик.