Ўтаётган ҳафтада Ўзбекистонда ва жаҳон бўйлаб бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни, шунингдек KUN.UZда ёритилган муҳим таҳлилий мақолаларни яна бир карра ёдга оламиз.

ЎЗБЕКИСТОН ХАБАРЛАРИ:

Фото: ЎзА

Ҳафта давомида рўй берган энг катта янгилик — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга етиб борди. У БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. БМТ бош минбарида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёдаги энг оғриқли ва азалий муаммолардан бири, яъни Орол ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласига тўхталиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йоркда Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошлар билан учрашди. Ватандошларимиздан бири Президент билан учрашув таассуротлари билан ўртоқлашди.

Пахта теримига жалб қилинган ОТМлар талабалари ҳамда таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари 22 сентябрдан далалардан ўқиш ва иш жойларига қайтди. Ҳукуматнинг бу иродали қарори тарихий ҳодиса сифатида кутиб олинди. Барча талаба, ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари пахта теримидан қайтарилади. Андижон вилояти ҳокими талаба, ўқитувчи ва шифокорларни пахта йиғим-теримига жалб қилишни жиноят деб атади.